Нодиршоҳ
- Википедияда исми Нодир бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Нодиршоҳ афшор, Нодирқули (1688-йил 22-октабр - 1747-йил 19-июн) – (1736-1747) - Афшорлар сулоласи асосчиси. Кавказдан Ҳинд дарёсигача бўлган ҳудудда империя ташкил қилган.
Нодир Хуросонда туғилган. Ёшлигида уни Нодирқули деб чақиришган. Отаси туркманларнинг афшор уруғига мансуб эди. Нодирқули 18 ёшида Хоразм ўзбеклари томонидан онаси билан бирга қул қилиб ҳайдаб кетилганди. Орадан кўп ўтмай қулликдан қочиб Хуросонга қайтиб келди ва ўша ерларда маҳаллий ҳокимлар қўшинида хизмат қила бошлади. Нодирқули икки марта қароқчилар тўдасига сардорлик қилган. Нодирқулининг номи тез орада маҳаллий ҳукмдорларга маълум бўлиб, унинг хизматидан фойдаланишни кўзлашди. Бобулбек ҳузурида хизматда бўлган Нодирқули унинг қизини ўғирлаб уйланади. Бу никоҳдан Ризоқули туғилди.
1722-йили Исфаҳонни ғилзойлар эгаллашгач, Эрондаги афғонлар ҳукмронлиги бошланди.
Нодирнинг ҳаракатларидан хабардор бўлган Келатда яшовчи амакиси уни шаҳарда қароқчилик билан шуғулланётган афғонларни қувишга чақирди. Нодирқули қисқа муддат ичида шаҳарда тартиб ўрнатди. Кейин Машҳадга юриш қилиб уни сейистонликлардан тортиб олди. Нодирнинг номи бутун мамлакатга тарқалди. Шундан сўнг амакиси Нодирга қароқчиликни ташлаб босқинчиларни мамлакатдан қувиш кераклигини тушунтирди. У шундай деган: "Фақат шу йўл билангина қилмишларингни шоҳ олдида оқлашинг мумкин, акс ҳолда, эртами-кечми сени шармандали ўлим кутади".
Нодир 1726-йили 3 минг қўшин билан афғонларга қарши куч тўплайптган ёш шоҳ Таҳмасп ИИ га қўшилиш учун Мозандаронга борди. Нодирқули Эроннинг баъзи ҳудудларини назорат қилаётган сафавий шоҳи Таҳмаспдан қилмишлари учун кечирим сўради ва енгилмас деб тасаввур қилинган афғонларни Эрондан. қувиб чиқаришда ёрдам беришини айтди. Шоҳ унинг узрини қилиб хизматга олди. Нодир Таҳмаспни буйруғи билан Астрободга юриш қилди. Нодир қўшини Фарнободда туркманларни енгиб Астрободни ишғол қилди ва улар тўплаган барча хазинани қўлга киритди. Бунга миннатдорлик рамзи сифатида Таҳмасп ИИ Нодирга султон унвонини берди. 1729-йили Нодирқули қўшини Дамғон яқинида афғонларни тор-мор келтирди ва Афғонистонга суриб ташлади. У ўз амакиси Келат ноибини ўлдириб афғонларнинг 7 йиллик ҳукмронлигига барҳам берди. Таҳмасп Нодирни кучайиб кетишидан хавфсираб ҳарбий ҳаракатларни тўхтаришини буюрди, бироқ Нодир шоҳ саройига келиб давлатда юқори лавозимни талаб қилди. Таҳмасп ИИ унга Хуросон, Мозандарон, Сейистон ва Кермон вилоятларини топширди. Шунингдек, Хуросонда ўз номидан танга зарб қилишига ҳам рухсат этди.
Нодирқули бироздан сўнг қўшинини Озарбайжон ва Ироқи Арабни эгаллаб турган туркларга қарши бошлади. Нодир Армонистонга ғолибона юрди, лекин Таҳмасп ҳарбий ҳаракатларга аралашди ва Нодир эгаллаган барча ерларни бой бериш билан бирга Эронни бир қисмини туркларга топширишга мажбур бўлди.
Нодир оммада турклар билан тузилган сулҳга нафрат уйғота олди. Нодирқули 1732-йили Таҳмаспни тахдан ағдариб, ўрнига балоғатга етмаган ўғли Аббос ИИИ ни тахтга ўтказди ва ўзини шоҳ оталиғи деб эълон қилди.
Нодирқули Эрон шоҳи
Усмонийларга қарши кураш олиб бораётган Нодир дастлаб муваффақият қозонмади, лекин 1733-йили янги куч тўплаб Кавказда ҳаракат бошлади. 1735-йилги тинчлик сулҳига кўра Грузия ва Арманистон ўтди. 1736-йили Сиговушон (ҳозирги Собиробод) шаҳридаги қурултойда Нодир шоҳликка сайланди, 1740-йили Аббос ИИИ ни отаси олдига жўнатди ва орадан кўп ўтмай Таҳмасп билан бирга ўлдиртириб юборди.
Тахтга чиққан Нодир суннийликнинг ҳукмдор ақидалигини расман эълон қилди. Бу қўшни сунний давлатларни эгаллашда ёрдам беришига ишонарди. Нодир 1737-йили Афғонистонга бостириб кирди. Бир йил давомида Қандаҳор ва бошқа ҳудудларни бўйсундирди, бир қанча афғон қабилалари Нодиршоҳ қўшинини асосини ташкил этадиган бўлди.
Ҳиндистонга юриш
Қобулни қўлга киритгач Нодир Деҳлидаги Бобурий ҳукмдор Муҳаммадшоҳдан афғон қочоқларини қабул қилмасликни сўради. Таклиф инобатга олинмади га 1738-йили Нодир Ҳиндистонга юриш бошлади. У йўлида учраган барча ерларни истило қилиб, Деҳли яқинида Карнала номли жойда Бобурийларни асосий қўшинини енгди.
1739-йили 8-март куни Нодиршоҳ Деҳлига кирди, уч кундан сўнг шаҳарда қўзғолон кўтарилди. Нодиршоҳ аскарларига барча аҳолини қириб ташлашни, шаҳарга эса ўт қўйишни буюрди. Қирғин тонгда бошланиб кун ярмигача давом этди. Бир неча кундан сўнг Нодиршоҳнинг ўғли Муҳаммадшоҳнинг қизи ўртасидаги никоҳ дабдабали ўтказилди. 1739-йил май ойида Нодиршоҳ катта хазинани қўлга киритиб Эронга қайтди. Ҳиндистондаги ғалабадан сўнг Нодиршоҳ Эрон аҳлосини 3 йиллик солиқлардан озод қилганди. 1740-йили Синд вилоятидаги исённи тинчитиб Ўрта Осиёга юриш қилди. Бухоро хони Абулфайзхон Амударёгача бўлган ҳудудни Нодирга топшириб, унинг жиянига қизини берди. Қаттиқ қаршилик кўрсатишига қарамай, Хива хони Элбарсхон Нодирдан енгилди. 1740-йилнинг қишида Нодир Доғистонга юриш бошлади. У ерда қонли жанглар бошланди. Тез орада Дарбанд олинди, бироқ Жанубий Доғистонда Эрон қўшини кутилмаган ҳалокатли мағлубиятга учради. Қўшин бошлиғи Иброҳим билан бирга ўн икки нафар зодагон, шунингдек, 32 минг кишилик лашкардан фақат 8 минг киши тирик қолди. 30 тўпнинг барчаси йўқотилди.
1741-йил ёзида Нодир 100 минг кишилик қўшинни олиб Доғистонга юриш бошлади. Унинг қўшини йўлида учраган барча ерларни ғорат қиларди. Доғистоннинг Табасарон минтақасида ўғир жанглар кечди. Тоғликлар таслим бўлишни хаёлига ҳам келтирмасди. Сентабрда Аймакин дарасида Лутф Али бошлиқ Эрон қўшини тор-мир келтирилди.
Турчидагда 5 кун давом этган жангда Нодир қўшини қақшатқич мағлубиятга учради. Нодир орқага чекина бошлади, Гундривал номли жойда эронийлар яна енгилди.
1741-йил кузида Нодир Андалалда мағлуб бўлди, 20 мингга яқин аскари ўлди. 1741-1743- йиллардаги Жанубий Доғистонга юриш Эронга катта зарар келтирди.
1745-йили Дарбанд яқинида Эрон қўшини тор-мор этилди. Бироздан сўнг Дарбанд хонлиги Эрон шоҳлигидан мустақил бўлиб олди. Нодир Доғистонга қарши янги юришга тайёрлана бошлади.
1743-йили Нодир катта ўғли Ризоқулидан шубҳаланиб уни кўр қилди, 50 нафарга яқин зодагонни ҳам қатл эттирди. Шундан сўнг тўхтовсиз қатағонлар даври бошланди ва Нодир тузган давлатнинг узоққа бормаслиги ойдинлашиб қолди.
Усмонийларга қарши уруш Нодир учун муваффақиятли кечси-да, мамлакат ичкарисида норозилик кучайиб борарди. Шоҳ аҳолидан кечиб юборилган 3 йиллик солиқни ундира бошлади, шунингдек, ашаддий шиаларни таъқиб қилиб қатл эттиришга киришди.
Нодир қўшинидаги барча форсларни қириб ташлашга қарор қилди, лекин ўзига суиқасд уйиштирилиб, саркардаларидан бири Солиҳбей томонидан 1747-йили 9-май куни ўлдирилди. Янги сайланган Шоҳ Али Нодирни унинг буйруғи билан ўлдирилганини маълум қилди. Нодиршоҳ вафот этгач, у тузган империя саркардалари ўртасида бўлиб олинади.
Адабиётлар
Шарқнинг машҳур сулолалари. Воҳидов Ш., Қодиров А.