Муаллифлар ҳуқуқлари
Муаллифлар ҳуқуқлари — муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонунчиликнинг ажралмас қисмидир. Ушбу термин франсузча дроит дъаутеур (немисча: Урҳеберречт) иборасининг сўзма-сўз таржимаси сифатида вужудга келган бўлиб, одатда муаллифлик ҳуқуқи соҳасидаги қонунларга нисбатан қўлланилади. Муаллифлик ҳуқуқлари халқаро даражада Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш бўйича Берн конвенсияси ва бошқа шу каби шартномалар билан ҳимояланади. „Муаллиф“ тушунчаси бу ерда жуда кенг маънода ишлатилади: у бастакорлар, рассомлар, ҳайкалтарошлар ва меъморларга ҳам тегишли. Умуман олганда, муаллиф интеллектуал меҳнати бирон-бир асарни яратишда асосий омил бўлган шахс, бироқ бу тушунчанинг таърифи турли мамлакатларда турлича бўлиши мумкин.
Муаллифлар ҳуқуқлари мулкий („иқтисодий“) ва шахсий номулкий („маънавий“) ҳуқуқларга бўлинади. Мулкий ҳуқуқлар — бу вақт жиҳатидан чекланган ва муаллиф томонидан бошқа шахсларга ҳар қандай бошқа мулк каби ўтказилиши мумкин бўлган эгалик ҳуқуқлари (гарчи кўплаб мамлакатлар бундай ўтказиш ёзма шартнома шаклида бўлишини талаб қилса-да). Ушбу ҳуқуқлар муаллиф ёки ҳуқуқ эгасига қонуний равишда молиявий фойда олиш, шунингдек, ўз асарларининг ҳар қандай шаклда нусхасини кўчиришга рухсат бериш имконини яратиш учун мўлжалланган (Берн конвенсиясининг 9-моддаси). Драматик ва мусиқий асарлар (песалар ва ҳоказо) муаллифлари, шунингдек, уларни оммавий ижро этишга рухсат бериш ҳуқуқига ҳам эгадир (Берн конвенсиясининг 11-моддаси)[1].
Муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижод маҳсули маълум маънода муаллиф шахсиятининг ифодаси экани ҳақидаги қарашга асосланади. Шунга кўра, шахсий номулкий ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиб бўлмайди, фақат муаллиф вафот этган тақдирда васиятнома орқали топширилиши мумкин.
Шахсий номулкий ҳуқуқлар
Шахсий номулкий ҳуқуқлар муаллифнинг шахсидан ажралмасдир. Буларга қуйидагилар киради:
- Муаллифлик ҳуқуқи, яъни асарнинг муаллифи деб тан олиниш ва ундан фойдаланилганда муаллифга ҳавола берилишини талаб қилиш ҳуқуқи;
- Исмга бўлган ҳуқуқ, яъни асардан муаллифнинг ҳақиқий исми, тахаллуси остида ёки исмини кўрсатмасдан фойдаланиш ёки фойдаланишга рухсат бериш ҳуқуқи;
- Асарни эълон қилиш ҳуқуқи, яъни муаллифнинг розилиги билан асарни биринчи марта омма эътиборига ҳавола этиш (нашр этиш, оммавий ижро этиш ва ҳоказо);
- Асар дахлсизлигига бўлган ҳуқуқ, яъни асарнинг ҳар қандай усулда фойдаланилишида муаллифнинг розилигисиз асарнинг ўзига, унинг номига ва муаллиф исмининг кўрсатилишига ўзгартиришлар киритишни тақиқлаш. Айниқса, муаллифнинг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкин бўлган бузиб кўрсатишларга йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланади.
Мулкий ҳуқуқлар
Мулкий ҳуқуқлар (асардан фойдаланиш ҳуқуқлари) сирасига қуйидагилар киради[2]:
1. Нусха кўчириш ҳуқуқи, яъни асарнинг ёки унинг бир қисмининг ҳар қандай моддий шаклда бир ёки бир неча нусхасини тайёрлаш. Бу фақат муаллиф билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади. Бироқ, қонун билан ушбу қоидадан бир қатор истиснолар кўзда тутилган: муаллифни ва олинган манбани кўрсатган ҳолда илмий, танқидий, полемик ва бошқа мақсадларда, иқтибос келтириш мақсадига мувофиқ ҳажмда иқтибос олишга йўл қўйилади;
- оммавий ахборот воситаларида жорий иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, диний масалалар бўйича мақолаларни қайта босиш;
- оммавий ахборот воситаларида оммавий равишда сўзланган сиёсий нутқлар, мурожаатлар, маърузалар ва ҳоказоларни бериб бориш;
- кутубхоналар ва архивлар томонидан йўқолган нусхаларни тиклаш учун бир нусхада репродуксия қилиш;
- таълим муассасалари томонидан аудитория машғулотлари учун нусха кўчириш;
- расмий, диний ва дафн маросимлари пайтида мусиқий асарларни ижро этиш;
- шахсий мақсадларда муаллифлик ҳуқуқи обектидан нусха кўчиришга муаллифнинг розилигисиз, лекин унга ҳақ (гонорар) тўлаган ҳолда йўл қўйилади.
2. Асар нусхаларини ҳар қандай усулда тарқатиш ҳуқуқи (сотиш, ижарага бериш ва ҳ.к.).
3. Асарни оммавий ижро этиш ҳуқуқи.
4. Эфирга узатиш ҳуқуқи.
5. Таржима қилиш ҳуқуқи.
6. Қайта ишлаш (аранжировка, ишлов бериш ва ҳ.к.) ҳуқуқи.
Манбалар
- ↑ „Бернская конвенция по охране литературных и художественных произведений“. Электронный фонд правовых и нормативно-технических документов. 2022-йил 5-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 3-декабр.
- ↑ „Муаллифнинг мулкий ҳуқуқлари ҳақида биласизми?“. www.тошкент-вил.адлия.уз. Қаралди: 2026-йил 25-май.