Жаҳон динлари
Жаҳон динлари — жаҳондаги жуда кўп халқлар эътиқод қиладиган буддизм, христианлик ва исломга нисбатан ишлатиладиган термин. Жаҳон динлари жамият тараққиётининг турли босқичларида буюк тарихий бурилишлар, бир ижтимоий-иқтисодий тузумдан иккинчисига ўтиш даврларида вужудга келган. Жаҳон динлари тарихий жараёнда жаҳон империялари, давлатлар таркиб топаётган пайтларда пайдо бўлган. Жаҳон динларига прозелитизм, фаол тарғиботчилик хосдир, уларнинг тарғиботлари халқлар ва миллатлараро диний бағрикенгликка асосланган. Бу динларнинг Жаҳон динларига айланишида барча одамларнинг тенглиги тўғрисидаги ғоя асосий омиллардан бири бўлган. Муайян тарихий шароитларда Жаҳон динларининг ҳар хил йўналишлари, оқимлари вақт ўтиши билан маълум миллатлар ёки давлатлар динига айланган. Ҳозирги глобаллашув шароитида Жаҳон динларининг таълимотлари, қадриятларини жаҳон халқлари томонидан ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда[1].
Манбалар
- ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 204.
Адабиётлар
- Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.