Зикри арра
Зикри арра (зикри миншорий, зикри алоний ёки зикри жаҳрий) — Яссавия тариқатидаги жаҳрий зикр маросимининг тури.
Зикри арра деб номланишининг сабаби - зикр давомида қайтариладиган калималарнинг тезлашиши натижасида ўзига хос ҳалқум товуши вужудга келиши ва бу ҳудди «арранинг иш жараёнидаги товуши»га ўхшаб кетишидир. Зикр жараёнини қуйидагича тасвирлаш мумкин. Агар зикр тушувчи ёлғиз бўлса, зикр калималари, «ҳа-ҳу» товушларини такрорлаш тарзида аста-секин бошланиб, тезлаша борган сари зикр этувчининг ҳолати ўзгара бошлаши кузатилади. Айни дамда «жазба» яқинлашиш арафасида «ҳа-ҳу» талаффузи анча тезлашиб, юқорида айтилган «ҳалқум товуши» юзага келади.
Мазкур калималарнинг маъноси турлича талқин қилиниб, кўпинча Аллоҳнинг исмларидан бири «ал-Ҳайй» (ёки «ал-Ҳаққ» ҳам қўлланиши мумкин) ва тасаввуфда Аллоҳни назарда тутиб, истифода этилиб келинган «Ҳува» олмоши бирикмасидан, яъни «Ҳайй-Ҳува» - «Абадий Тирик зот Удир» деган маънони акс эттиради, дейилади. Баъзи фикрларга кўра, бу товуш кўпгина тариқатларда зикрнинг ажралмас қисми бўлган «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасининг ярим ошкора ярим пинҳона тарзида тез-тез такрорланиши натижасида юзага келган. Яъни калиманинг охирги бўғинларинигина ошкора талаффуз қилиш орқали «ҳа-ҳу» товушлари вужудга келган дейилади[1].
Манбалар
Адабиётлар
- Усмонов И, Олимов С, Йўлдашхўджаев Ҳ, Фахриддинов З, Тўйчиева Н, Жабборов Н, Чўтматов Ж, Раҳимов К, Комилжонова З, Каримова С, Нурмуҳаммедов Д, Эркабоева Ф, Жураев О Турдиева Д.. Тасаввуф атамалари. Мовароуннаҳр нашриёти, 2015 — 360-бет. ИСБН 978-9943-12-346-5.