Шарқ юлдузи
Шарқ юлдузи — адабий-бадиий ва ижтимоий журнал. Муассиси Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси. Тошкентда 1 йилда 4 марта нашр этилади. Дастлаб „Ўзбекистон шўро адабиёти“ (1932-йил июн-июлда), „Совет адабиёти“ (1935-йил, январ), „Ўзбекистон адабиёти ва санъати“ (1935-йил, июл) номларида чоп этилган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида вақтинча тўхтатилган. 1946-йилдан ҳозирги номда чоп этила бошлаган. Саҳифаларида Ўзбекистон ва чет эл ёзувчиларининг бадиий асарлари нашр этилади. Адабиёт ва санъатнинг муҳим соҳаларига бағишланган адабий-танқидий, публицистик мақолалар ҳам эълон қилинади.
Ўзбек ёзувчиларидан Ғафур Ғуломнинг „Шум бола“ қиссаси, Ойбекнинг „Навоий“ романи, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Миртемир, Зулфия ва бошқаларнинг асарлари дастлаб „Шарқ юлдузи“да чоп этилган. Журналга турли йилларда Ойбек, Воҳид Йўлдошевич Зоҳидов, Уйғун, Асқад Мухтор, Ғулом Ҳабибуллаев, Мирмуҳсин, Ўткир Ҳошимов, Омон Мухтор муҳаррирлик қилган; 2005-йилдан муҳаррири Минҳожиддин Мирзо. Адади 1500 нусха (2005).
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола чала. Сиз уни бойитиб, Зиёсферага ёрдам беришингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |