Руҳ — одам ва одамзот мия фаолияти (онг) билан боғлиқ ҳодиса бўлиб, у воқеликда уч шаклда намоён бўлади: а) индивид руҳи; б) объектив руҳ; в) объектлашган руҳ. Индивид руҳи фақат имконият даражасида авлоддан авлодга ўтиши мумкин. Масалан, авлодида ўғри, қотил, порахўр, қаллоб бўлмаган индивид онгига бундай ғайриинсонийлик руҳининг натижаси бўлган руҳнинг кириши ниҳоятда қийин бўлади. Зеро, одамлар орасидаги руҳий тафовут биологик тафовутдан кўра кўпроқ бўлади.Индивид руҳи (ёки индивидуал руҳ) объектив руҳ таъсирида, айниқса тарбия, таълим, маориф, мафкура орқали ривожланиб, такомиллашиб боради. Индивид руҳи муайян бир жамоа (оила, меҳнат уюшмалари, расмий ва норасмий жамоалар) билан алоқадорликда воқеий бўлиб, у объектив руҳ мавжудлигини таъминлайди. Одатда тарихан эзгулик ва ёвузлик руҳи борлиги, у ҳар бир даврнинг ўзига хос ҳусусиятидан келиб чиққан ҳолатда намоён бўлишига эътибор қаратилади. Индивидуал онгларда эзгулик руҳи етакчи майлга айланса, аксарият ҳолларда объектив руҳ (ижтимоий онг деб ҳам аталади) яратувчилик, бунёдкорлик томонга оғиб, ижтимоий ҳаёт чинакам инсоний тусгакиради ва жамият тараққиёти тезлашади; аксинча бўлса, яъни индивидлар онгида ёвузлик руҳи устивор бўлиб борса ва у етакчи майл (тенденсия)га айланса, жамиятда вайронкорлик, ғайриинсоний фаолият ўзини яққол намоён этади. Бундай жамиятда адолат ўрнини разолат, ҳалоллик ўрнини ҳаромхўрлик руҳи эгаллаб, ижтимоий тараққиётга жиддий путур етади, ҳатто таназзул рўй беради.Агар индивид руҳини намоён этувчи айрим одамнинг психологик тузилиши бўлса, объектив руҳни муайян жамоа (оила, меҳнат уюшмалари, расмий ва норасмий гурухдар, халқ, миллат) гавдалантиради. Бу билан узвий боғлиқ ҳолда объектлашган руҳ вужудга келади. Объектлашган руҳ аввало тилда, миллат фаолиятида, сўнгра, фан, техника ва технологияда, адабиёт ва санъат асарларида, фалсафий ва диний таълимотларда ўзини намоён қилади. Шу объектлашган руҳ орқали индивид руҳи ва объектив руҳ тарихан тобора такомиллашиб боради. Объектлашган руҳ, глобаллашув жараёнида, айниқса Ноосфера (Ақл соҳаси) даврида ўзини яққол намоён этмоқда. Немис файласуфи Гегел мутлоқ (абсолют) руҳ борлиги ҳақида фикр юритади ва у моддий борлиқдан ҳоли соф руҳ сифатида намоён бўлади. Гегелнинг мутлоқ руҳи диний таълиммотлардаги “худо” тушунчасига яқин келади.Диний таълимотларда руҳ моддий, табиий асосдан ҳоли олиб қаралади ва оламнинг асоси, ҳатто борлиқнинг ўзига хос гавдаланиши ҳисобланади ҳамда у диний имон ва эътиқоднинг негизи сифатида талқин этилади. Исломда бу руҳ Аллоҳда гавдаланиб, унинг йўл-йўриқларига қаттиқ риоя қилиб яшаган одам мусулмонга айланиб, эзгу ишлар ижодкори сифатида намоён бўлади, натижада ўз фаолиятининг оқибати сифатида бу - реал дунёда ва нариги - ўлимдан кейинги “абадий” дунёда ўз ажрига эга бўлади. Бошқа динларда ҳам объектив руҳ алоҳида номга эга бўлган худо ёки Олий руҳ образида гавдаланса, объектлашган руҳ мазкур динларнинг муқаддас китобларида гавдаланади, шу объектив ва объектлашган руҳ таъсирида одам мусулмон, христиан, буддавий, синтоист, иудаист ва бошқа ном билан аталадиган индивид қиёфасида ўзини намоён этиши мумкин.Демак, динларда индивид руҳи ўзи сиғинган динлардаги объектив ва объектлашган руҳ натижаси сифатида гавдаланади.
Манбалар
Адабиётлар
- Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.
Ҳаволалар