Раҳбари нажот
„Раҳбари нажот“ (форсча: رهبر نجات; ўзбекча нашрда „Нажот йўли“) — Абдурауф Фитратнинг форс тилида ёзган ахлоқий-ижтимоий асари[1][2]. Ҳижрий 1332 (милодий 1914) йилда ёзиб тугатилган, 1915-йилда Петроградда нашр этилган[3][4].
Ёзилиши ва нашри
Тожик олими С. Табаров асар Фитрат хорижда бўлган пайтда ёзилганига ишора қилади[3]. Китоб 1915-йилда Петроградда бухоролик маърифатпарвар ва шоир Мирзо Абдулвоҳид Мунзим маблағи ҳисобига босилган ва Бухоро амири Саид Олимхонга бағишланган[4]. Садри Зиё ўз тазкирасида асарни мақтаб тилга олган[3].
Садриддин Айний 1926-йилда Москвада чиққан „Намунаи адабиёти тожик“ мажмуасида „Раҳбари нажот“ни Фитратнинг тўртинчи асари сифатида тилга олиб, унда ахлоқ ва ижтимоий масалалар муҳокама қилинишини ёзган ва китобнинг 212-бетидан парча келтирган[1].
Асарнинг тожикча матни 1992-йилда Душанбедаги „Садои Шарқ“ журналида босилган[5]. Ўзбекча таржимаси „Нажот йўли“ номи билан 2001-йилда Тошкентда чиққан[2].
Мазмуни
Асарда мамлакатни қолоқлик ва жаҳолатдан, миллатни хорлик ва парокандаликдан чиқариш йўли изланади[2]. Фитрат ўзимизни комил мусулмон деб ҳисобласак-да, судхўрлик қиламиз, шароб ичамиз, ғийбат ва ҳасад қиламиз, деб ислом қоидаларининг бузилишини танқид қилади[4].
Китобда „Оила тарбияси“ деган алоҳида боб бор. Фитрат авлод тарбиясини „ҳаёт биносининг пойдевори“ деб ҳисоблайди ва унда сиҳат-саломатлик, соғлом фикр ва яхши ахлоқнинг аҳамиятини кўрсатади; уларнинг ҳар бири алоҳида бобларда таҳлил қилинади[2].
Айний келтирган парчада Фитрат Саъдий Шерозийнинг „Бани одам аъзои якдигаранд“ байтидан кейин ҳар қандай дин ва миллатдан бўлган одамлар бир отанинг фарзандлари ва бир-бирининг биродари эканини ёзади. Унинг фикрича, одамлар орасидаги урушлар ҳирс ва „ғалат муҳокамалар“дан келиб чиқади. Дин инсон саодатини таъминлаш учун керак: одамлар тақлид юганини бўйинларидан ташлаб, илм ва ақл қоидалари асосида фикр юрицалар, энг фойдали динни топиб қабул қиладилар[1].
Баҳолар
Мусиқашунос олим Александр Жумаев асарни каноник диний-фалсафий-ахлоқий асар деб баҳолайди. Унинг фикрича, асар Фитратни йирик илоҳиётчи ва ислом ақидаларининг билимдони сифатида кўрсатади[4]. Тожик академиги Муҳаммаджон Шукуров „Мунозара“, „Сайёҳи ҳинди“ ва „Раҳбари нажот“ билан тожик насрида ҳақиқий янгиланиш бошланганини ёзган[6].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 Айний С. Намунаи адабиёти тожик. — Москва, 1926. — 539–540-бетлар (форс тилида).
- ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 Болтабоев Ҳ. Фитрат ва жадидчилик. — Тошкент: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007. — 148–150-бетлар.
- ↑ 3,0 3,1 3,2 Болтабоев Ҳ. Фитрат ва жадидчилик. — Тошкент: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007. — 32-бет.
- ↑ 4,0 4,1 4,2 4,3 Джумаев А. Абдурауф Фитрат: время, личность, культурная и научная деятельность. — Ташкент: Янги китоб, 2022. — С. 42–43 (рус тилида).
- ↑ Джумаев А. Абдурауф Фитрат: время, личность, культурная и научная деятельность. — Ташкент: Янги китоб, 2022. — Адабиётлар рўйхати: „Абдурауфи Фитрати Бухорои. Рохбари начот // Садои Шарк. — Душанбе, 1992. — № 7–8. — С. 16–59“.
- ↑ Ғаниев И. Фитрат ва фитрацҳунослик. — Тошкент: Фан, 2005. — 59-бет.
Ҳаволалар
- „Раҳбари нажот“ матни — Абдурауф Фитрат корпусида