Мухтасар ислом тарихи
„Мухтасар ислом тарихи“ („Мухтасари тарихи ислом“) — Абдурауф Фитратнинг форс тилида ёзилган, ислом тарихини қисқача баён қилувчи дарслик рисоласи. Ҳижрий 1333-йилда Самарқандда чоп этилган[1][2].
Ёзилиши ва нашри
Асарнинг қаерда ёзилгани ҳақида манбаларда икки хил қараш бор. Унинг Душанбе нашрига сўзбоши ёзган А. Сайидзода бу китобни Фитратнинг Истанбулда яратилган маърифий асарлари қаторига қўяди[1]. Ҳ. Болтабоевнинг ёзишича эса, айрим ҳужжат ва хотираларга кўра, Фитрат Истанбулдан қайтгач (1914) янги усул мактаблари ва мадрасаларда туркий ва форсий адабиёт тарихи, исломшунослик ва шарқ тилларидан дарс берган, „Мухтасар ислом тарихи“ шу ўқув даргоҳлари талабалари учун қўлланма сифатида ёзилган; услубига кўра бу қўлланма Фитрат маърузаларининг матни экани ҳам сезилади[3]. Тожик олими Абдулҳай Муҳаммадаминнинг фикрича, бу китоб жадид мактабларида ўрганилиши лозим бўлган асарлардан бири сифатида яратилган[1].
Рисоланинг биринчи нашри Самарқанддаги Газаров матбаасида чиққан, ноширлари — Ҳожи Муин ва шериклари[1]. Ҳ. Болтабоев унинг чиққан йилини бир ўринда 1333/1915[1], Фитрат асарлари кўрсаткичида эса 1333/1914 деб беради ва китоб 19 саҳифадан иборатлигини кўрсатади[2]. Нашрнинг бир нусхаси Москвадаги Императорлик тарих музейида ХЙ 28411 рақами билан сақланади[1][3].
Мазмуни
Рисола муқаддима ва уч қисмдан иборат. Муқаддимада тарихнинг таърифи ва умумий ҳамда хусусий тарихга бўлиниши тушунтирилади. Биринчи қисм („Саодат даври“) исломдан олдинги Рум, Эрон ва Арабистон аҳволи ҳамда Муҳаммад пайғамбар ҳаётига, иккинчи қисм дастлабки тўрт халифа даврига бағишланган. Учинчи қисмда Умавийлар ва Аббосийлар халифалиги, Ҳорун ар-Рашид ва Маъмун даври, Бағдоднинг мўғуллар томонидан олиниши ва Андалусдаги Умавийлар давлати ҳикоя қилинади[4]. Ҳ. Болтабоевнинг таъкидлашича, асарда Андалуснинг фатҳ этилиши унинг умумий табиатига зид равишда анча батафсил тасвирланган ва воқеалар шу тасвир билан кутилмаганда тугаб қолади[5]. Болтабоев воқеалар баёнининг ниҳоясига етмаганидан бу матн асарнинг тўлиқ матни эмаслигини тахмин қилади, бироқ нусха сақланаётган муассаса ходимларининг қайдларига кўра китобнинг тугал нусхаси шудир[3].
Таржима ва кейинги нашрлари
Рисола 1991-йилда Душанбеда „Ирфон“ нашриётида А. Сайидзода сўзбошиси билан босилган. Ўзбек тилига Муҳаммад Нодир ва Ҳамидуллоҳ Андижонли томонидан таржима қилиниб, 1992-йилда Тошкентда „Нур“ нашриётида 31 бетлик китоб бўлиб ва „Сирли олам“ журналида, 2004-йилда эса „Янги аср авлоди“ нашриётида чоп этилган[2][1]. 2004-йилги нашрнинг сўзбоши муаллифи ва таржимони — Ҳ. Болтабоев, нашрга тайёрловчи муҳаррир ва изоҳлар муаллифи — Асрор Самад[3].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 1,5 1,6 Болтабоев Ҳ. Фитрат ва жадидчилик. — Тошкент: Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007. — 32-бет.
- ↑ 2,0 2,1 2,2 Болтабоев Ҳ. Фитрат ва жадидчилик. — Тошкент: Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007. — 254-бет.
- ↑ 3,0 3,1 3,2 3,3 Болтабоев Ҳ. Фитрат рисоласи ҳақида // Фитрат А. Мухтасар ислом тарихи. — Тошкент: Янги аср авлоди, 2004. — 1-бет.
- ↑ Фитрат А. Мухтасар ислом тарихи. — Тошкент: Янги аср авлоди, 2004. — 2–18-бетлар.
- ↑ Болтабоев Ҳ. Фитрат ва жадидчилик. — Тошкент: Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007. — 121-бет.