Мунозара (асар)
„Мунозара“ (тўлиқ номи — „Ҳиндистонда бир фаранги ила бухороли бир мударриснинг усули жадида хусусида қилган мунозараси“; форсча: مناظره) — Абдурауф Фитратнинг форс тилида ёзилган насрий асари, адибнинг биринчи асари[1]. Асарда Ҳажга кетаётиб Ҳиндистонда бир европалик („фаранги“) билан учрашган бухоролик мударрис билан ўша европалик ўртасида эски ва янги усулдаги мактаблар ҳақида баҳс боради[2].
Ёзилиши ва нашри
Асар қачон ва қаерда ёзилгани манбаларда турлича кўрсатилади. Фитратнинг ўзи 1929-йилда ёзган „Ёпишмаган гажжаклар“ мақоласида биринчи асарини 1908-йилда ёзганини айтган; нашрга тайёрловчининг изоҳига кўра, бу ерда гап „Мунозара“ ҳақида боради[3]. „Танланган асарлар“ изоҳида муаллифнинг ёзишича асар 1909-йилда тугатилгани айтилади[1]. Садриддин Айнийнинг маълумотига кўра эса, Фитрат 1910-йилда ўқиш учун Истанбулга борган ва „Мунозара“ни ўша ерда ёзиб, нашр эттирган[2].
Китоб Истанбулда „Матбааи исломияи Ҳикмат“да муаллифнинг ўз ҳисобидан босилган, муқовасида нашр йили 1327 деб кўрсатилган[1][4]. Айний бу санани Усмонлиларнинг молиявий (румий) йили деб қайд этган, шунга кўра китоб 1911-йилда чиққан[5]. Япон олими Ҳисао Комацу ҳам 1911-йилни тўғри деб ҳисоблайди: асарда Бухоро амири Абдулаҳадхон марҳум деб тилга олинган, русча таржимаси эса 1911-йилда чиққан[6]. Адиб Холид ҳам нашр йилини „1327 молиявий/1911“ деб беради[7]. Айрим тадқиқотчилар эса 1327-йилни ҳижрий йил деб ҳисоблаб, 1909-йилни кўрсатади[8][9]. Китобнинг ҳажми Айнийда 42 бет[5], Ҳ. Болтабоев тузган асарлар кўрсаткичида эса 68 бет деб берилган[4].
Тузилиши ва мазмуни
Асар муқаддима, асосий матн ва хотимадан иборат[6]. Муқаддимада Фитрат „Бухоронинг нажиб миллати бўлган ватандошлар“ига мурожаат қилиб, жадид ва қадим ўртасидаги низо ватанни икки фирқага ажратиб, бирини иккинчисига душман қилиб қўйганини ёзади ва шу ихтилофни бартараф этиш ниятида бу ҳикояни ёзганини айтади[10].
Баҳс савол-жавоб тарзида боради: фаранги мударрисдан Бухоронинг нимаси билан „шариф“ эканини, аҳолиси қанча ва уларнинг қанчаси саводли эканини сўраб, уни илмсизлик сабаблари ҳақида ўйлашга мажбур қилади[10]. Айнийнинг ёзишича, охирида мударрис енгилади ва шу орқали янги усулнинг эскисидан афзаллиги кўрсатилади[2]. Хотимада Фитрат Бухоро амири ва барча бухоролик мусулмонларга таълим ислоҳоти уларнинг энг муҳим вазифаси эканини яна бир бор эслатади[6]. Фитрат кейинчалик асар ноширлари бўлган Бухоро жадидларини хавф остига қўймаслик учун амирга қаратиб сўзбоши ёзганини айтган[3].
Таъсири
Айнийнинг ёзишича, „Мунозара“ ўз даврида катта таъсир кўрсатган: бир томондан, янги усул мухолифларини ғафлат уйқусидан уйғотган, иккинчи томондан, оддий халқ ва ёшларни янги усул томонга тортиб, фикрларда инқилоб ясаган[5].
Таржималари
- Русча таржимаси 1911-йилда Тошкентда округ штаби босмахонасида „ошкор этилмасин“ белгиси билан босилган (98 бет)[4].
- Ўзбекча таржимасини Ҳожи Муин Шукрулло ўғли қилган: у аввал 1912-йилда „Туркистон вилоятининг газети“да, кейин Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сўнгсўзи билан алоҳида китоб бўлиб чиққан[1]. Китоб нашрининг йили 1913[8] ёки 1914[4] деб кўрсатилади. Бу таржимада саҳнага мўлжаллаб айрим ўринлар қисқартирилган[1].
- Асл нашрдан Ҳ. Болтабоев қилган таржима „Шарқ юлдузи“ журналининг 1997-йил 1-сонида ва Фитратнинг „Танланган асарлар“ида босилган[1]. Асар 2000-йилда Анқарада турк тилида ҳам нашр этилган[4].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 1,5 Болтабоев Ҳ. Изоҳлар // Фитрат А. Танланган асарлар. 1-жилд. — Тошкент: Маънавият, 2000. — 235–236-бетлар.
- ↑ 2,0 2,1 2,2 Айний С. Намунаи адабиёти тожик. — Москва, 1926. — 531-бет (тожик тилида, араб ёзувида).
- ↑ 3,0 3,1 Фитрат А. Ёпишмаган гажжаклар // Фитрат А. Танланган асарлар. 3-жилд. — Тошкент: Маънавият, 2003. — 234-бет; нашрга тайёрловчининг изоҳи: 255-бет.
- ↑ 4,0 4,1 4,2 4,3 4,4 Болтабоев Ҳ. Фитрат ва жадидчилик. — Тошкент: Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007. — 246-бет.
- ↑ 5,0 5,1 5,2 Айний С. Намунаи адабиёти тожик. — Москва, 1926. — 533-бет (тожик тилида, араб ёзувида).
- ↑ 6,0 6,1 6,2 Комацу Ҳ. 20. йüзйıл баşларıнда Орта Ася'да Тüркçüлüк ве деврим ҳарекетлери. — Анкара: Турҳан Китабеви, 1993. — 5–7-бетлар (турк тилида).
- ↑ Кҳалид А. Макинг Узбекистан: Натион, Эмпире, анд Револутион ин тҳе Эарлй УССР. — Итҳаcа: Cорнелл Университй Пресс, 2015. — П. 41 (инглиз тилида).
- ↑ 8,0 8,1 Джумаев А. Абдурауф Фитрат: время, личность, культурная и научная деятельность. — Ташкент: Янги китоб, 2022. — С. 30.
- ↑ Болтабоев Ҳ. Фитрат ва жадидчилик. — Тошкент: Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007. — 157, 239–240-бетлар.
- ↑ 10,0 10,1 Фитрат А. Ҳиндистонда бир фаранги ила бухороли мударриснинг жадида мактаблари хусусинда қилган мунозараси // Фитрат А. Танланган асарлар. 1-жилд. — Тошкент: Маънавият, 2000. — 46–48-бетлар.