Матроний
| Абу Муҳаммад Ҳасан ал-Матроний | |
|---|---|
| Таваллуди |
Х аср Шош |
| Вафоти |
тахминан 970—980-йиллар Шош |
| Ижод қилган тиллари | араб |
| Фуқаролиги | Сомонийлар давлати |
| Йўналиш | шеърият |
| Жанр | қасида, ҳажв, васфий ва ишқий шеърлар |
Абу Муҳаммад Ҳасан ал-Матроний (Х аср) — сомонийлар даврида Шошда ижод қилган шоир[1]. Унинг бутун адабий меросидан фақат 112 байтдан иборат турли шеърий парчалар сақланиб қолган.
Таржимайи ҳоли
Ал-Матроний Х асрда Шош (Тошкент) шаҳрида яшаган ва у ҳақда бизгача айрим маълумотлар сақланиб қолган ягона шошлик шоирдир. Абу Мансур ас-Саолибий ўзининг „Ятимат ад-даҳр“ тазкирасида маълумот беришича, Шошдан Бухорога кўп келиб турган ва алоқа ходими сифатида фаолият юритиб, ҳаёт кечириши шу касб орқали бўлган. Унинг шеърлари девонга тўпланган. Бундан ташқари, у насрий асарлар ҳам ёзган. Ас-Саолибийнинг сўзларига кўра шоир ал-Лаҳҳом ўзининг бир қанча сатираларида ал-Матронийни ҳажв қилган. Бу икки шоир ўртасида шеърий тортишув тўхтовсиз давом этган. Ас-Саолибий келтирган бу маълумотлардан ташқари шоир ҳақида ҳеч қандай биографик материал мавжуд эмас. Шоирнинг туғилган ва вафот этган йиллари ҳам маълум эмас. Унинг баъзи бир шеърларига асосланиб, қўшимча маълумотлар олиш мумкин.
Ал-Матронийнинг Бухорода бўлиб ўтган бир қаҳатчилик даврида ёзилган шеъри мавжуд. Қаҳатчилик ва очарчилик Ибн ал-Асрнинг „Комил фи-т-тарих“ китобида ёзилишича, 945—946 ва 959—960-йилларда бўлган. Демак, ал-Матроний ўз шеърини 945 ёки 960-йилларда ёзган ва шу йиллари Бухорода бўлган. Унинг вазир Абу Али ал-Балъамийга бағишлаб ёзган қасидаси эса шоирнинг 960—974-йилларда Бухорога келиб-кетиб турганини кўрсатади. Шундай қилиб, ал-Матроний Х аср ўрталарида яшаб ижод этган ва тахминан 970—980-йиллар атрофида вафот этган[2].
Ижоди
Ас-Саолибий шоир шеърларининг девонга тўплангани ва ҳатто, Бухородан ташқарида ҳам машҳур бўлганини айтади, лекин ал-Матронийнинг девони ва бирорта шеъри тўлиқ ҳолда бизгача етиб келмаган. Унинг фақат 112 байтдан иборат турли шеърий парчаларигина сақланиб қолган. Булар қасида, ҳажв ва турли мавзулардаги васфий ҳамда ишқий шеърлардан олинган парчалардир.
Ўша давр шоирлари учун қарилик энг оғир мусибат ҳисобланган. Шунинг учун қариликдан шикоят Шарқ шеъриятида энг кўп тарқалган мавзулардан бири ҳисобланади. Ал-Матроний вазир ал-Балъамийга бағишлаган қасидасида ёшлигининг ўтиб кетгани ва қарилигидан шикоят қилган.
Сомонийлар даврида Бухорода араб тилида ёзилган шеърлар ичида муҳаббат мавзусида ёзилганлари кам учрайди. Ал-Матроний эса муҳаббат ҳақида ёзган асарлари билан ўз замондошларидан ажралиб туради. Х асрда ғазал ҳали мустақил жанр сифатида шаклланмаган эди. Ишқий шеърлар фақат қасидаларнинг кириш қисмигагина киритилар эди. Ал-Матронийдан сақланиб қолган ишқий шеърлар ҳам қасидалардан парчалардир. Шоир ишқий шеърларида жуда чиройли сўз ўйинларини ишлатади, ўринли ўхшатишлар қўллайди.
Ал-Матроний ҳажвия жанрида ҳам ижод қилган. Унинг ҳажвий шеърлари энг аввал ўз замондошлари — қаламкашларга қарши қаратилган. Унинг ўз замондошлари каби амир ва вазирларга қарши ҳажвия ёзгани маълум эмас. Аммо Абу Ҳотим Муҳаммад ат-Тусий исмли бир амалдорга қарши қаратилган ҳажвий шеъридан парча сақланиб қолган.