Маринийлар давлати
| Маринийлар султонлиги Султонлик | ||||
| ||||
|---|---|---|---|---|
| Пойтахти | Фос | |||
| Тил(лар)и | Араб тили | |||
| Дини | Ислом | |||
| Сулола | Маринийлар | |||
Маринийлар давлати (арабча: الدَّوْلَة الْمَرِينِيَّة ад-Даwла л-Марīнийя) — ўрта асрларда Марокашдаги давлат (1258—1420). Пойтахти — Фос шаҳри. Дин — сунний Ислом. Давлат тили — араб тили[1].
Сулоланинг ҳокимият тепасига келиши
Маринийлар Мағрибнинг шарқий ва жануби-шарқий ҳудудларида яшовчи барбарларнинг заноти номли қабилалар иттифоқидан иборат эди. Улар дастлаб 1216-йили Саҳрои Кабирдан Марокашга ҳужум қилишган. Муваҳҳидлар давлатига қарши олиб борилган курашлар натижасида ака-ука Абу Яҳё Абдулҳақ (1244—1258) ва Абу Юсуф (1258—1286) улардан бир неча шаҳарларни тортиб олади: Микнасни 1244-йили, Фосни 1248-йили. 1269-йили Марокашдаги сўнгги муваҳҳидлар ҳукмдори қулатилгач, маринийлар расман давлатларига эга бўлишди.
Ҳарбий юришлар
Давлат тузилдан сўнг қолган минтақаларни эгаллаш учун кучли қўшин тузишга киришишди. Абу Яъқуб Юсуф (1286—1307) даврида Андалусияда бир қанча урушлар олиб борилди. 1275-йили Эсиха жангида маринийлар қўшини испанларни мағлуб этди. Жазоирда олиб борган урушлари натижасида маринийлар Ал-Жазоир ва Ҳаррон шаҳарларини қўлга киритишди. 1309-йили Жабал ут-Ториқ (Гибралтар) испанлар томонидан тортиб олингач, маринийлар қўшини Испания юришига тайёрлана бошлади. Лекин 1340-йили Абул Ҳасан Али (1331—1348) қўшини Рио-Саладо жангида Кастилия қироли Алфонс ХІ ва Португалия қироли Алфонс ИВ нинг бирлашган қўшини томонидан мағлуб этилади. 1337-йили Тунисга юриш қилган маринийлар Абдулводни мағлуб этиб пойтахт Тлимсенни қўлга киритишди. 1358-йили иккинчи марта ҳафсийларга зарба берилди. Лекин ҳафсийлар сулоласини буткул тугата олишмади. 1401-йили Кастилия қироли Генрих ИИИ Тетуан шаҳрини ўққа тутди. 1415-йили эса португаллар Сеутани истило қилди[2].
Сулола таназзули
Сўнги ҳукмдор Абдулҳақ (1421—1465) даврида маринийларнинг қариндошлари бўлган Ваттосийлар давлат ишларини ўз назоратига ола бошлади. Бундан қаттиқ хавфсираган Абдулҳақ 1458-йили кўплаб ваттосий зодагонларни қатл эттирди, шундан сўнг давлатни мустақил бошқаришга ҳаракат қилди. Бироқ мазкур тадбири амалий жиҳатдан унга манфаат келтирмади. 1465-йили Абдулҳақ исёнчилар томонидан ўлдирилади[3].
Ҳукмдорлар рўйхати
| Т/р | Ҳукмдорлар | Ҳукмронлик йиллари |
|---|---|---|
| 1 | Абу Юсуф Яъқуб ибн Абдулҳақ | 1269—1286 |
| 2 | Абу Яъқуб Юсуф Носир | 1286—1307 |
| 3 | Абу Собит Омир | 1307—1308 |
| 4 | Абуррабеъ Сулаймон | 1308—1310 |
| 5 | Абу Саид Усмон ибн Яъқуб | 1310—1331 |
| 6 | Абулҳасан Али ибн Усмон | 1331—1348 |
| 7 | Абу Аннон Форис ибн Али | 1348—1358 |
| 8 | Абу Солим Муҳаммад ибн Форис | 1358—1361 |
| 9 | Муҳаммад ибн Яъқуб | 1361—1366 |
| 10 | Абдулазиз И | 1366—1372 |
| Тож талабгорлари тахт талашишган | 1372—1384 | |
| 11 | Мусо ибн Форис | 1384—1387 |
| 12 | Абул Аббос | 1387—1393 |
| 13 | Абдулазиз ИИ | 1393—1396 |
| 14 | Абдуллоҳ | 1396—1398 |
| 15 | Усмон | 1398—1421 |
| 16 | Абдулҳақ | 1421—1465 |
| Ички низолар туфайли тахт бўш турган | 1465—1472 |
Манбалар
- ↑ Воҳидов Ш., Қодиров А. Шарқнинг машҳур сулолалари. Тошкент: Академнашр, 2013. 449-бет.
- ↑ Воҳидов Ш., Қодиров А. Шарқнинг машҳур сулолалари. Тошкент: Академнашр, 2013. 450-бет.
- ↑ Воҳидов Ш., Қодиров А. Шарқнинг машҳур сулолалари. Тошкент: Академнашр, 2013. 451-бет.
- ↑ Воҳидов Ш., Қодиров А. Шарқнинг машҳур сулолалари. Тошкент: Академнашр, 2013. 449-450-бетлар.