Форс тароналари
| Форс тароналари | |
|---|---|
русча: Персидские мотивы | |
|
„Форс тароналари“ китобининг сарлавҳа саҳифаси, 1925-йил | |
| Асосий маълумотлар | |
| Жанр | Шеърлар туркуми |
| Муаллиф | Сергей Есенин |
| Оргинал тили | рус тили |
| Ёзилган сана | 1924—1925-йиллар |
| Нашриёт | Современная Россия |
Форс тароналари – рус шоири Сергей Есениннинг шеърлар туркуми. Ҳозирги вақтда (муаллифнинг ўзи таҳрир қилган уч жилдли шеърлар тўпламидан бошлаб) туркумга анъанавий равишда 1924—1925-йилларда „Трудовой Батум“, „Бакинский рабочий“ ва „Заря Востока“ газеталарида чоп этилган 15 та шеър киритилади[1][2]. Гарчи дастлабки режада туркум 20 та шеърдан иборат бўлиши керак бўлса-да, айни номдаги китоб кўринишидаги биринчи алоҳида нашрда „Форс тароналари“дан ўнта шеър, туркумнинг умумий мавзуси билан бирлаштирилмаган „Ҳаёт йўлим“ (русча: Мой путь) ва тўртта қўшимча шеър келтирилади.
Шеърлар туркуми замондошлари томонидан асосан ижобий баҳоланган, шу билан бирга салбий фикрлар ҳам мавжуд. Хусусан, салбий фикр билдирганлар орасида Алексей Кручёних ва Владимир Маяковский каби муаллифлар бўлган. 1950-йилларда Есенин ижодига қўйилган тақиқ олиб ташлангандан кейин туркум танқидчилар томонидан ижобий баҳоланган, унинг стилистикаси бўйича бир қатор илмий ишлар ёзилган, бош қаҳрамоннинг прототипига айланган аёл топилган. Туркум таркибидаги шеърлар дунёнинг кўплаб тилларига, жумладан ўзбек тилига таржима қилинган ва кўплаб бастакорлар томонидан улар асосида мусиқа басталанган.
Туркум таркибидаги шеърлар
„Доғлар кетмиш мажруҳ кўнглимдан…“ (Трудовой Батум 280-сон, 1924-йил 10-декабр)
Шеър Есениннинг „Москва майхоналари“ даври билан хайрлашишини англатади. Шоирнинг ўзи бу ўтиш ҳақида шундай деган эди: „Бунчалик кўп ва осон ёзиш ҳаётда жуда кам учрайди. Бу шунчаки ёлғизлигим ва ўзимни ўйлаганим учун. Мен жуда чиройли бўлиб қолдим, дейишади. Бирор нарсани кўриб, тинчланиб қолганим учундир… Ҳаммага қарамай, аввалгидек ичмайман… Худойим, қандай аҳмоқ эдим. Эндигина ўзимга келдим. Буларнинг барчаси ёшлик билан хайрлашув эди. Энди бундай бўлмайди“. Шеърнинг ўзида майхона чойхона билан алмаштирилган бўлиб, у ерда чойхоначи лирик қаҳрамонга „Ўткир ароқ, май ўрнига ҳам || Аччиқ-аччиқ чой тутади“[3]. Аччиқ чой шарқона муҳитнинг унсурларидан бири бўлиб, унда „Теҳроннинг кўк гуллари“, Шероз гиламлари ва Хуросон рўмоллари ҳам ўрин олган бўлиб, улар фонида лирик қаҳрамоннинг рўмолли қизга бўлган муҳаббати ҳикоя қилинади. Шеър, шунингдек, 1920-йилларда Совет Кавказортида машҳур бўлган аёлларнинг озодлиги мавзусини кўтаради[4]:
Россияда гулдай қизларни,
Тутқунликда сақламас эрлар…
„Букун дедим саррофга атай…“ (Трудовой Батум 280-сон, 1924-йил 10-декабр)
Лирик қаҳрамон саррофдан гўзал форс Лаълига бўлган нозик туйғуларини қандай изҳор этишини сўрайди. Сарроф шеърда ўз касбининг одами сифатида эмас, балки ўзига хос оракул сифатида намоён бўлади; буюк мушоҳада ва тил туйғусига эга бўлган файласуф сифатида ўзини намоён қилади. Лирик қаҳрамонга севги ҳақида сўз эмас, ёқут каби ёнгучи кўзлар, бўсалар, „Юздан ниқоб кўтарган қўллар“ айтишини тушунтиради[4].
„Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам…“ (Бакинский рабочий 1-сон, 1925-йил 1-январ)
Шеърда шоир форс қизи Шаҳинага (русча: Шагане) мурожаат қилади. Аввалгиларидан фарқли равишда, бу шеърда форс қизи гўзал дейилмайди[5] ва лирик қаҳрамон унга ошиқ сифатида эмас, балки ўз ватани ҳақида сўзламоқчи бўлган дўст сифатида мурожаат қилади[3]. Шу билан бирга, матндаги маълум лирик туйғулар шимолдаги, қаҳрамон суҳбатдошига „ниҳоятда ўхшаш“ ва лирик қаҳрамон ҳақида ўйлаётган қиз ҳақида гап кетганда назарда тутилади. Қаҳрамоннинг прототипи Шагане Талян бўлган[5].
„Дединг:Саъдий доимо ёрнинг…“ (Бакинский рабочий 1-сон, 1925-йил 1-январ)
Туркумнинг тўртинчи шеърида Шаҳинага бўлган ҳис-туйғулар янада аниқроқ бўлиб, форс қизи энди „сулув“ деб аталади. Муаллиф қизнинг ҳазилига жавоб берар экан, ўз севгилисининг гўзаллигига ҳасад билан ҳайратга тушиши, тоқат қилмайдиган рақобат ҳақида, ҳатто Шарқ шеърияти учун анъанавий атиргулларга қиёслаш тарзида ёзади[5]:
Гар қизлардан бўлса зиёда,
Мен гулларни қирқардим буткул,
То кўрмайин ёруғ дунёда
Шаҳинамдан сулувроқ бир гул.
„Мен Босфорда бўлмаганман ҳеч…“ (Заря Востока 782-сон, 1925-йил 18-январ)
Шоир суҳбатдошига (эҳтимол, аввалги шеърлар қаҳрамони) Босфорда ҳам, Бағдодда ҳам бўлмаганини айтади. Қизга бўлган муҳаббати уни Шарққа тортди („Бунда кўнгил ёзгани эмас || Излаб келдим хаёлан сени“), лекин шоир ватанини соғинади ва у ҳақида гапиришни хоҳлайди. Севгилиси уни ўз она юрти ҳақидаги фикрлардан чалғитиши мумкин ва агар хоҳласа, лирик қаҳрамон, ўз навбатида, у билан ҳеч қачон бўлмаган ерлар ҳақидаги хаёлларини баҳам кўришга тайёр. Денгиз тасвирлари, кўзлардаги мовий олов, лирик қаҳрамон суҳбатдошининг қиёфаси ва қўллари шеърдаги ишқ мавзусини тўлдиради[5].
„Заъфар юртга нур тўкар оқшом…“ (Заря Востока 782-сон, 1925-йил 18-январ)
Шеър яна туркумнинг олдинги қисмларида кўтарилган мавзуларга – севги, ватан ва шарқ аёлининг озодлиги ҳақида гапиради[5]. Охирги мавзу устунлик қилади, шоир ниқобни ёқтирмаслиги ва аёлларнинг уни ўраш сабабларини нотўғри тушуниши ҳақида гапиради:
Менга ёқмас, ўтинаман, рост,
Ниқоб туца дилрабо юзлар…
…Гуноҳ бўлур шу сабаб, дилдор,
Бу дунёда яширсанг талъат,
Бергач уни она табиат.
Қизнинг гўзаллигини яширадиган чодрани рад этиш, бу гўзалликка бўлган муҳаббат изҳори билан боғлиқ. Ушбу шеърда соғинч мавзуси бир сатрда кўтарилган – „Юрагимда ўзга бир диёр“. Лирик қаҳрамон ўз севгилисига „Хайём билмаган қўшиқ“ ҳақида куйлашни ваъда қилади ва эҳтимол, ўз она юртини назарда тутади[3].
„Ҳаво тоза, мусаффо, зангор…“ (Бакинский рабочий 82-сон, 1925-йил 13-апрел)
Шеър олам гўзаллиги мавзусини очиб беради, яна ишқ мавзуси билан боғланади („Шитирлар, йўқ, шивирлар барглар || Нафис, гўё Саъдий ғазали“). Услубий жиҳатдан, бу туркумдаги энг кучли шеърлардан бири бўлиб, мукаммал, мослашувчан мусиқий ритм билан ажралиб туради, аммо ҳиссий кайфият энди туркумнинг олдинги қисмлари каби қувончли эмас. Тиниқ, ажратилган оҳанг матн учун хос[6].
„Ой юзида тилларанг жило…“ (Бакинский рабочий 82-сон, 1925-йил 13-апрел)
Шеърда Шаҳризода образининг кўриниши орқали эртакнамо Шарқ мотиви киритилади, лекин шоир уни ва унинг севгилисини ўраб турган замонавий дунёнинг гўзаллиги ва жозибаси билан таққослайди. Муаллиф „мовий ва меҳрибон ўлка“[3] тасвирларини визуал ва ҳидли („хушбўй ва самбитгул ҳиди“) яратади, ҳаётдан завқланишга чақиради ва „бу дунёда армонсиз одамларга“ ачинишини билдиради. Шу билан бирга шеърда борлиқнинг ўткинчилиги мотиви кучли сақланиб қолган[6].
„Хуросонда бир дарвоза бор…“ (Бакинский рабочий 74-сон, 1925-йил 3-апрел)
Шеърда яна Шарқ ва Россия солиштирилади. Форс диёрининг барча жозибадорлигига қарамай, агар унга муҳаббат қўшилмаса, шоирнинг у ерда қолишига асос йўқ (Айтинг, кимга қилай шарҳи ғам?)[3]. Муаллиф сўзсиз Русни Эрондан устун кўради: у ўз севгилисини унутмайди, лекин уни ўз ватанига куйлаб ўтади[5].
„Фирдавсийнинг мовий диёри…“ (Бакинский рабочий 74-сон, 1925-йил 3-апрел)
Шоир Эрон („Фирдавсий ватани“) ва унинг Шаҳинаси (Шаҳи) билан хайрлашади. Шаҳи хотирасини сақлаб қолишга ва бу ҳақда бошқаларга айтиб беришга ваъда беради, Эрон уни („меҳрибон ўрусини“) унутмаслигига умид қилади ва ёқтирган қизига ўзидан эсдалик сифатида „Рус ҳақида қўшиқ“ қолдиради:
Мени эсла куйлар онингда, Қўшиқ, бўлиб яшай ёнингда…
„Шоир бўлмоқ – бу-ку тайин гап…“ (Бакинский рабочи 177-сон, 1925-йил 7-август)
Шеър поэтик реализм манифести билан бошланади[3]:
Шоир бўлмоқ – бу-ку тайин гап —
Ўз жонингни ўртамоқ, фақат.
Ханжар уриб нозик танингга,Ўзгаларга бахш этмоқ лаззат.
Муаллиф шоирнинг вазифаси ҳақида ёзади – бу қанчалик оғриқли бўлмасин ва бу қандай танқидга олиб келишидан қатъи назар, бошқа одамларнинг ниятларини такрорламасдан „ўз сози билан куйлаш“. Есенин шоирнинг ўз ҳис-туйғулари ва хоҳишларига бўлган ҳуқуқини тан олади, лекин бу истаклар ҳар доим ҳам амалга ошавермаслигини ва шунинг учун шоирни кутаётган ҳаёт қийин ва нотинч эканлигини билади. Руҳий фалокатдан қочиш учун буни билиш керак[7].
„Бир жуфт оққуш жонон қўллари“ (Бакинский рабочий 179-сон, 1925-йил 10-август)
Муаллиф Шаҳина тимсолига қайтади ва бутун шеър мавзусига бағишланади. „Мен Босфорда бўлмаганман ҳеч…“ шеъридаги „оққуш қўллар“ метафораси бу ерда яна қўлланади, лекин инсон муҳаббати билан шоир йўли ўртасидаги қарама-қаршилик доирасида ишлаб чиқилган[7]:
Мен ҳақимда айтинг, кимки бу
Куйим тинглаб мени сўрса гар,
У бундан ҳам соз куйларди-ю,Хароб қилди ўшал оққушлар.
Эроннинг жозибадорлигидан қолган ягона нарса Шаҳина, ортиқ Эрон уни илҳомлантира олмайди[7]:
Бахш этолмай куйга ҳарорат, Теҳрон узра ой ҳам фош бўлур.
„Нечун маъюс таратар зиё…“ (Бакинский рабочий 183-сон, 1925-йил 14-август)
Лирик қаҳрамон сарлавҳада берилган саволга сарв ва гуллардан жавоб ололмаётганидан форс Лаълига шикоят қилади. Фақат атиргулдан у жавоб олишга муваффақ бўлади:
„Ўзга билан бўлди Шаҳина,
Ўпди бу кеч ағёрни дилбар…
Шунинг учун ой боқар маъюс,Шунинг учун юзида йўқ қон“.
Владимир Белоусовнинг таъкидлашича, туркум қаҳрамонининг прототипига айланган Шагане Талян ва Есенн 1925-йилда дўст сифатида ажралган ва бошқа ҳеч қачон бир-бирларини кўрмаган. Шунга кўра, у Шагане хиёнати мавзуси форс қизи билан бўлган саргузаштлар ҳикоясини якунлаш учун киритилган деган хулосага келади[7].
„Талпинма кўп, девона кўнгил…“ (Бакинский рабочий 177-сони, 1925-йил 7-август)
Шеър тақдир мавзусини кўтаради, уни сюжет жиҳатдан олдинги воқеалар билан боғлайди. Лирик қаҳрамоннинг ҳаётида бахцизлик юз беради, у тақдирдан бахт сўрашга ишончини йўқотади ва энди уни изламоқчи эмас. Лаълининг сурати яна пайдо бўлади (ҳали ҳам жуда умумий, рамз сифатида кўрсатилмаган) – фақат у қаҳрамонга хиёнат қилмаган ва унинг севгиси унга таянч бўлиб хизмат қилади[7]:
Зора тақдир бошимиз силаб,
Саодатга ёр эца бизни,
Толе булбул овози билан
Аллаласа пок севгимизни,Талпинма кўп, девона кўнгил.
„Мовий ўлкам, қувноқ диёрим…“ (Бакинский рабочий 179-сон, 1925-йил 10-август)
Шеърнинг асосий мавзуси дўстлик ва муҳаббат мавзусидир. Унинг очилишига мумтоз шарқ шеърияти воситалари орқали эришилади – шоирнинг қиз билан дўстлиги ҳақидаги ҳикоя булбулнинг атиргулга муҳаббати ҳақидаги эртак билан узвий боғланади. Лаъли ва Шаҳина ўрнини янги ном – Ғолия (русча: Гелия) эгаллади. Иккинчи мавзу – шоир ҳаётида ижоднинг ўрни – шоирнинг барча манфаатлари ва ҳаётий тамойиллари ижод жараёнига бўйсунишини эълон қилиш билан очилади: „Қўшиқ учун бахшида борим“. Худди шу фикр, янада кучлироқ шаклда, охирги мисрада такрорланади: „Майли, куйга бахшида борим“[7].
Яратилиш тарихи

Есениннинг танишлари унинг мумтоз форс шеъриятига бўлган қизиқиши 1920-йилларнинг бошларидаёқ намоён бўлганини айтади. Есениннинг Фирдавсийнинг „Шоҳнома“ асари билан танишуви эҳтимол Ҳеине томонидан форс шоири ҳақида ёзилган баллада орқали бўлган. Бу баллада рус тилига Лев Мей томонидан таржима қилинган. Кейинчалик Есенин ҳам Мей сингари Фирдавсийнинг исмини (русча: Фирдоуси) „о“ ҳарфисиз ёзгани бу тахминни тасдиқлайди[4]. Есенинни ўша даврда таниган Матвей Ройзман 1920-йилда Есенин унга 1916-йилда чоп этилган „Форс лириклари“ китобини ўқишни тавсия қилганини эслайди[3].
1920-йил Есенин Кавказгача поездда боради. Унинг режаларида Истанбулгача бориш бўлган, бироқ турли манбаларга кўра, ёки Бокугача, ёки Тифлисгача борган. Шарқ билан танишув 1921-йилда давом этади, ўшанда Есенин Рамазон ҳайити кунларида Тошкентга ташриф буюрган. 1924-йил сентябрда Кавказга яна бир сафарни амалга оширади. Бу гал саёҳатнинг охирги манзили Форс бўлган. Ўша пайтда Озарбайжон Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг собиқ иккинчи котиби ва „Бакинский рабочий“ газетасининг муҳаррири бўлган Пётр Чагиннинг ёрдами билан сафарнинг амалга ошиши реал кўринган. Чагин Есенинга Форсга чиқишда ёрдам беришни ваъда қилган. Бу воқеани кутаётган Есенин Бокуда ва Тифлисда яшаган, аммо Теҳронга бора олмаган[4].
Бу вақтда Есениннинг қўлига „Персидские лирики Х—ХВ веков“ (ўзбекча: Х-ХВ асрлар форча шеърлари (таржимон Фёдор Корш, эҳтимол, Есенин 1920-йилдаёқ Ройзманга тавсия қилган тўплам ҳақида гап кетмоқда) тўплами тушиб қолади. Николай Вержбицкийнинг хотираларига кўра, Есенин ушбу китобдан жуда таъсирланган: „У хонада айланиб, Умар Хайёмдан ўқиб берди“. Бу воқеа Есенинга бир мунча вақтдан бери режалаштираётган форс туркумини яратиш ғоясини амалга оширишга туртки беради. Бўлажак туркумнинг илк икки шеъри – „Доғлар кетмиш мажруҳ кўнглимдан…“ ва „Букун дедим саррофга атай…“ – тахминан 18- ва 20-октябр оралиғида ёзилган ва айнан 20-октябр куни Есенин Галина Бениславскаяга ёзган мактубида унга „форс шеърларини“ юборишга ваъда берган. 29-октябр куни шеърлар қўлёзмаси Бениславскаяга юборилади, мактубда Есенин ўша пайтда тайёрланаётган Шеърлар тўпламидан мустақил тарзда бўлажак туркумни алоҳида китоб шаклида чоп этишни режалаштирганини ёзган[4].
1924-йил декабр ойига келиб Есениннинг режаларига ўзгаради: у Теҳроннинг ўрнига яна Истанбулга боришни ният қилади ва декабрнинг бошида айни мақсадда Батумига йўл олади. Вержбицкийнинг сўзларига кўра, баъзи совет журналистларига ҳақиқий халқаро паспорт ўрнига Туркияга сафар қилиш учун махсус рухсатнома берилгани ҳақида миш-мишлар Есениннинг қулоғига чалинади. Ўтмишда Есениннинг мухлиси бўлган Кавказбўйи СФСР ҳукумати аъзоларидан бири шоир ва Вержбицкий учун Батуми порти бошлиғига тавсия хатини беради. Хатда уларни Батуми ва Истанбул ўртасида қатнайдиган савдо кемасида матрос сифатида жўнатишни сўралган. Аммо бу режалар ҳам амалга ошмайди ва Есенин яна Форсга сафар қилиш ҳақида ўйлай бошлайди[5].

Батумидалигида Есенин Тифлисда ёзган иккита форсча шеърини маҳаллий газетада чоп этади. 20-декабр куни ҳалиям Батумида бўлиб юрган Есенин „Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам…“ ва „Дединг:Саъдий доимо ёрнинг…“ деган форс туркумидаги иккита янги шеърини Бениславскаяга юборади. Бу шеърлар яқиндагина яратилган бўлиб, иккинчи шеърнинг қўлёзмасида 19-декабр санаси кўрсатилган, В. Г. Белоусовнинг таҳлилларига кўра, биринчиси 18-декабрдан олдин ёзилган бўлиши мумкин эмас. Бу икки шеърда илк бор форс қизи Шаҳинанинг образи пайдо бўлади[5]. Есениннинг олтита асарида тилга олинган бу персонажнинг ҳаётдаги прототипи Батумига Тифлисдан келган ўқитувчи Шагандухт (Шагане) Нерсесовна Тертерян (иккинчи турмушида Талян) бўлиб[8], шоир у билан Батумида танишади. Дастлаб Есенин шеърлари қаҳрамони Лаъли бўлиши режалаштирилган[5].
20-декабрдаги хатида Есенин Бениславскаяга режалаштирилган туркум 20 та асардан иборат бўлишини ёзган. Эртаси куни у янги шеърларни „Бакинский рабочий“ газетасида чоп этиш учун Чагинга ҳам юборади ва бутун туркумни унга бағишлашга ваъда беради. Бу вақтга келиб, Есениннинг форс туркуми 21-декабрда ёзилган „Мен Босфорда бўлмаганман ҳеч…“ шеъри билан бойийди. Туркумнинг олтинчи шеъри – „Заъфар юртга нур тўкар оқшом…“ илгари тадқиқотчилар томонидан шу вақтда ёзилган деб ҳисобланган, лекин янги изланишларга кўра, у бироз кечроқ, аммо Есенин ҳали ҳам Батумида эканлигида, 1925-йилнинг январ ойи ўрталарига қадар ёзилган, чунки шеър „Заря Востока“ газетасининг 18-январдаги сонида чоп этилади[5].
1925-йил Батумида яшаётган Есенин асосан „Анна Снегина“ достони устида ишлаган, аммо форс туркуми ҳам диққат марказида бўлган. Январ-феврал ойларида „Хуросонда бир дарвоза бор…“ ва „Фирдавсийнинг мовий диёри…“ шеърларининг камида қоралама вариантларини тайёрлаган (Шагане Таляннинг хотираларига кўра, Есенин Батумидан кетишидан олдин унга „Фирдавсийнинг мовий диёри…“ шеърини ўқиб берган, бу воқеа феврал ойининг иккинчи декадасида юз берган)[5]. 1-март куни Есенин Москвага қайтган. Йўлда ва Москвадаги дастлабки кунларида „Хуросонда бир дарвоза бор…“ ва „Фирдавсийнинг мовий диёри…“ шеърларини қайта ишлаган ва 3-март куни муаллиф уларни „Анна Снегина“ билан бирга Бокудаги Чагинга юборган. Есенин янги шеърларини Москвада нашр этиш учун Бениславскаяга топширган. Март ойининг биринчи ярмида „Анна Снегина“ ва „Форс тароналари“ Герсеннинг уйида „Перевал“ гуруҳи аъзолари олдида ўқилади. Достондан фарқли ўлароқ, форс туркуми тингловчиларда кучли таассурот қолдиради. Айни кунларда Есенин „Форс тароналари“ китобини нашр этиш тўғрисида хусусий „Современная Россия“ (ўзбекча: Замонавий Россия) нашриёти билан шартнома имзолайди[6].
„Фирдавсийнинг мовий диёри…“ шеъридаги кайфият шуни кўрсатадики, Есенин бу шеър билан Форсга бўлган орзу-умидларидан абадий хайрлашмоқчи бўлган. Бироқ бу шеър ёзилган пайтда туркумдаги саккизинчи шеър эди, нашриёт билан шартномасига кўра эса Есенин ўнта шеър тақдим этиш мажбуриятини олган. Март ойи охирида яна Москвадан, унинг богема муҳитидан узоқлашиб, Бокуга жўнаб кетди[6]. У ерда апрел ойи бошида „Ҳаво тоза, мусаффо, зангор…“ ва „Ой юзида тилларанг жило…“ шеърларини ёзди – бу хронологик жиҳатдан туркумдаги тўққизинчи ва ўнинчи шеърлар эди (кейинчалик шеърлар тўпламида иккаласи ҳам 1924-йилга тегишли деб кўрсатилган, аммо „Форс тароналари“ тўплами нашр этилиши тўғрисидаги шартнома имзоланган пайтда Есенин қўлида саккизта шеър борлиги маълум)[7]. „Ҳаво тоза, мусаффо, зангор…“ ва „Ой юзида тилларанг жило…“ шеърлари 13-апрелда, „Хуросонда бир дарвоза бор…“ ва „Фирдавсийнинг мовий диёри…“ шеърларидан ўн кун кейин, „Бакинский рабочий“ газетасида чоп этилди[2].
Бокуда бўлган дастлабки кунларда Есенин Чагин назорати остида даволанган, аммо тушкунликка тушган, „Красная нов“ газетаси (ўзбекча: Қизил янгилик) муҳаррири Александр Воронскийнинг сўзларига кўра, у йўқолиб, узоқ вақт йиғлаган. Бу ҳиссий ҳолат „Ҳаво тоза, мусаффо, зангор…“ шеърида ўз аксини топади. Бироқ аста-секин Чагиннинг ғамхўрлиги туфайли Есениннинг кайфияти яхшилана бошлаган ва „Ой юзида тилларанг жило…“ шеъри яна ҳаётий ва қувноқ оҳангда бўлади. 8-апрелда ёзилган „Мовий ўлкам, қувноқ диёрим…“ шеъри „Гелия Николаевна Чагинага“ бағишлов билан бошланади (Чагиннинг олти ёшли қизи Роза ўзини шундай аталган, у билан шоир шу кунларда дўстлашган). Кейинчалик бу шеър „Форс тароналари“ туркумининг якунловчи шеъри бўлди[7].
Май ойида „Форс тароналари“ китоби нашрга тайёр бўлди. Муаллифнинг кўрсатмаси билан китобдаги шеърларнинг жойлашуви хронологик тартибда эмас, балки бошқа тартибда жойлаштирилди: „Ҳаво тоза, мусаффо, зангор…“ ва „Ой юзида тилларанг жило…“ шеърлари тўққизинчи ва ўнинчи ўринга эмас, балки еттинчи ва саккизинчи ўринга қўйилди. Бундан ташқари, туркумни „Фирдавсийнинг мовий диёри…“ шеъри билан якунлаш ниятига қарамай, „Хуросонда бир дарвоза бор…“ шеъри ўнинчи ўринга жойлаштирилди. В. Г. Белоусовнинг ёзишича, бу нашриётнинг қарори бўлиши мумкин, эҳтимол, муаллифнинг ўзи ҳам фикрини ўзгартирган бўлиши мумкин, аммо бунинг ҳужжатли далиллари сақланмаган. Шеърлар тўпламини тайёрлаш жараёнида Есенин туркумни якунловчи шеър сифатида „Фирдавсийнинг мовий диёри…“ни ўнинчи ўринга қўяди[7]. Китобга ўнта форс шеъридан ташқари „Ҳаёт йўлим“ достони ва асосий туркумга тематик жиҳатдан боғлиқ бўлмаган тўртта шеър – „Отговорила роща золотая…“, „Сукин сын“, „Этой грусти теперь не рассыпать…“, „Низкий дом с голубыми ставнями…“ киритилди. Китоб Пётр Чагинга бағишланган ҳолда нашр этилди[4].
Бокуда бўлганида Есенин Форсга сафар қилишни орзу қилар эди, бироқ Озарбайжон Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Сергей Киров бунга қатъий қаршилик кўрсатди. Натижада Есенин май ойи охирида Москвага қайтиб келди. У ерда Лев Толстойнинг невараси Софя билан яқинлашди ва унга уйланиш ниятида эди. Бениславская бу қадамга қарши чиқди ва Есенин билан баҳслашиб, уларнинг муносабатлари узилди. Июл ойи охирида эндиликда Софя билан бирга бўлган Есенин яна Озарбайжонга жўнаб кетди ва улар Бокунинг Мардакон шаҳарчасидаги собиқ хон қасрида бир ойдан кўпроқ вақт ўтказди[7].
Мардаконда Есенин форс туркумини якунлашни ният қилган эди: режалаштирилган йигирмата шеърдан ўн биттаси ёзилган ва ўнтаси нашр этилган эди. Август ойининг биринчи беш кунида у яна иккита янги шеър – „Шоир бўлмоқ – бу-ку тайин гап…“ ва „Талпинма кўп, девона кўнгил…“ шеърларини ёзди, улар 7-август куни „Бакинский рабочий“ газетасида чоп этилди. Шеърларнинг мавзулари шунчалик фарқ қилар эдики, шоир уларни туркумга киритишни дарҳол режалаштирди: агар „Шоир бўлмоқ – бу-ку тайин гап…“ туркумда ўн биринчи ўринни эгаллаши мумкин бўлса, иккинчи шеърни эса туркумни охирига яқин жойлаштиришни режалаштирди. Кейинчалик, 6—8-август кунлари орасида „Бир жуфт оққуш жонон қўллари…“ шеъри ёзилди. Эҳтимол, Есенин ундан олдин ҳам ишлаган, чунки у 8-апрелдаги хатида „Куйлолмаса, у Шушадан эмас“ мақолини „Гар Эроний куйлолмаса соз, Билингки, у шерозлик эмас“ деб перифраза қилганини тилга олган ва 10-август куни Бакинский рабочий газетасида чоп этилган „Мовий ўлкам, қувноқ диёрим…“ шеъри бир вақтда пайдо бўлган[7]. Ниҳоят, 14-август куни туркумдаги ўн учинчи шеър бўлган „Нечун маъюс таратар зиё…“ нашр этилди[2]. Бир неча кун олдин „Селдек тошар чумчуқ сурони“ (русча: «Море голосов воробьиных…» шеъри ёзилган кўринади, уни Есенин дастлаб туркумга киритишни режалаштирган, аммо кузда шеърлар тўпламини тайёрлаш жараёнида бу фикрдан воз кечган ва туркумни ўн бешта шеър билан якунлаган. Шу билан бирга, „Ой юзида тилларанг жило…“ (русча: «Золото текучее луны…») шеъридаги „оқиб турган“ (русча: «текучее») сўзи „совуқ“ (русча: «холодное») деб ўзгартирилган[7].
1960-йилларда туркумга киритилиши режалаштирилган яна бир шеър – „Сокин шамол. Кўк-хира кеча…“ (русча: «Тихий ветер. Вечер сине-хмурый…») ҳақида гипотеза илгари сурилди, у 1926-йил март ойида, Есенин вафотидан кейин, Чагин бошчилигидаги „Красной газета“да чоп этилган (лекин 1925-йил июлига тегишли ва Бокуда ёзилган[9]). А. П. Ломан уни „шубҳасиз туркумга тегишли“ деб атайди[10], бироқ бу асар ҳеч қачон туркум таркибида нашр этилмаган ва 1970-йилда В. Г. Белоусов унинг дастлаб „Форс тароналари“ билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини исботлади[2].
Бадиий аҳамиятини баҳолаш ва таҳлил қилиш
„Форс тароналари“ замондошлари томонидан турлича баҳоланган, бироқ ўша вақтда жиддий адабий таҳлиллар ўтказилмаган. Туркумдаги шеърларни юқори баҳолаганлар орасида Киров ҳам бор эди, у шеърларни муаллифнинг ўзи ижро этганини эшитиб, Пётр Чагинга Есенин учун „Бокуда Форс иллюзиясини“ яратишни талаб қилган[3]:
Қара, гўё Форсда бўлгандай ёзган. Биз уни Форсга юбормадик, чунки унга қарши турли хавфлар мавжуд эди ва унинг ҳаётидан қўрқардик. Лекин сизга Бокуда у учун Форс иллюзиясини яратиш вазифаси юкланган эди. Хўш, яратинг! Қолганини у ўзи тасаввур қилади. Ахир у шоир, у қандай шоир!
„Красная нов“ журнали муҳаррири Александр Воронский туркумдаги шеърларда „тўлиқ силлиқлаш йўқлигини“ тан олса-да, уларни „юқори маънавият, лиризм ва соддалик, шу билан бирга ҳиссий тўлқинланиш ва кўтарилиш“ билан ажралиб туришини таъкидлади. Шеърларни „Красная нов“ журналида чоп этиш учун топширган Бениславская Фёдор Расколников, Юрий Либединский ва Георгий Никифоровнинг „Форс тароналарини“ яхши кутиб олишлари ҳақида Есенинга хат ёзган[3].
Бошқа томондан Бенинславская „Форс тароналари“ – чиройли, аммо, албатта, камроқ таъсир қилади“, деб ёзган[3]. Шеърлар тўпламига салбий баҳо берганлар орасида Алексей Кручоних ҳам бор, у „Форс тароналари“ тўпламига шарҳида туркумни „жонсиз“ деб атаган ва уни „романс баналилари қаторига“ жойлаштирган[11]. Маяковский „Рождённие столици“ (ўзбекча: Туғилган пойтахтлар мақоласида „Форс тароналари“ ни экзотик „шарқона ширинликлар“ ва „мовий турк“ деб атаган ва уларнинг мавзуларини социалистик қурилиш вазифаларига қарши қўйган (кейинчалик бундай кескин баҳолашни Сурен Гайсарян „адабий кураш иситмаси“ ва гуруҳ манфаатларининг тўқнашуви билан изоҳланган)[3].
1950-йилларнинг охири ва 1960-йилларда Есенин ижодидан тақиқ олиб ташлангач, „Форс тароналари“ танқидчилар ва адабиёцҳунослар томонидан умумий юқори баҳоланди. Асарни мақтаганлар орасида К. Л. Зелинский, В. О. Персов, А. Л. Димшиц, И. С. Эвентов, В. Г. Белоусов ва бошқалар бор эди. М. З. Вайнштейн, Л. Л. Белская, П. Ф. Юшин кабилар тўпламни чуқурроқ таҳлил қилган[3].
Асарда қўлланилган ва улар орқали Есенин ўқувчида Шарқ образини яратган ориентализмлар алоҳида таҳлилга лойиқ. Бундай унсурларга Лаъли (эҳтимол форсча лола сўзидан ёки Лайли ва Мажнун достони қаҳрамони номидан олинган[12]), Шаҳина, Шаҳризода, форс шоирлари исмлари (Саъдий, Хайём, Фирдавсий), топонимлар (Шероз, Хуросон)[13], араб ёки форс тилларидан келиб чиққан русча сўзлар – „караван“ (ўзбекча: карвон), „чадра“ (ўзбекча: чодра), „чайхана“ (ўзбекча: чойхона), „шальвары“ (ўзбекча: шалвар), „шафран“ (ўзбекча: зафарон) ва бошқалар киради. Айниқса, шеърдан шеърга такрорланадиган атиргул образи Есенин ижодида одатда кам учрайди, аммо бу мумтоз шарқ шеъриятининг асосларидан биридир[14][15]. А. В. Кулинич „Форс тароналари“ ва ундан олдинроқ ёзилган Александр Ширяевецнинг „Бирюзовая чайхана“ (ўзбекча: Феруза чойхона) шеърий тўплами ўртасидаги Шарқ образларининг узлуксизлигини кўради ва Есениннинг Шарққа қизиқишининг пайдо бўлишини Ширяевец таъсири билан изоҳлайди[3]. Бошқа тадқиқотчи, А. М. Марченко, „Есенин шеърий йўли“ монографиясида тўплам „рус классик „шарқона“ поэмаси ва рус қароқчисининг гўзал форс аёлига муҳаббати ҳақидаги фолклор версиялари чорраҳасида туғилган“ деган фикрни билдиради[14]. Шу билан бирга, С. Руссованинг таъкидлашича, тўплам шеърияти яққол форсча эмас, балки умумий шарқонадир: Есениннинг форс шеърияти билан танишиши эҳтимол Корш тўплами билан чегараланган ва унинг шеърий шакллари ва қофиялаш схемалари ўрнига тўпламда араб шеъриятида кенг тарқалган беш мисрали шакллар (айниқса, мухаммас шаклида) ва уч қофияли шакллар мавжуд. Мумтоз форс шеърияти учун одатий бўлмаган уч бўғинли ўлчамлар ҳам тўпламда учрайди; аслида, форс қонунларидан фақат „атиргул ва булбул“ жуфтлиги мавжуд[16].
Асар тузилишини таҳлил қилишда, тўпламдаги 15 шеърдан 11 таси ёзилган хорейнинг мураккаблашиши орқали эришилган оҳангдорлик, силлиқлик, халқ қўшиқларига хос хусусиятлар таъкидланади. Бу жанрдан „Мен Босфорда бўлмаганман ҳеч…“ шеърига қўшиқ асоси ҳам киритилган. Л. Белская шундай ёзади: „Некрасов ва Блок сатрларнинг урғули бошланиши билан ажралиб туради… Есенинда биз бошқача манзарани кузатамиз: у биринчи поғонада урғудан, шунингдек, тўлиқ урғули шаклдан қочади, бу эса шеърларга мулоҳазадорлик, меланколиялик бахш этади“. Матннинг жонли нутқ ва самимият эффектига эришиш учун яна бир усул – мисраларга киритилган узун сатрлар[17]:
Чойхоначи — барваста, ўктам,
Қойил қолсин рус, деб, чойимга,
Ўткир ароқ, май ўрнига ҳам
Аччиқ-аччиқ чой тутар менга.
Аксинча, уч бўғинли ўлчамлар билан ёзилган шеърларда, асосий мисраларда ритмнинг ўлчовлилиги қисқартирилган поғоналар киритилиши билан бузилади, бу эса ўқувчининг эътиборини асарнинг асосий ғоясига қаратади[17]:
Кўрганман кўп элатларни мен,
Толе излаб кезганман жаҳон.
Юрагимнинг эзгу истагин
Энди ортиқ қидирмам сарсон.
Талпинма кўп, девона кўнгил.
Дактил асосида ёзилган иккита шеър – тўпламнинг биринчи ярмидаги ёрқин ва ҳаётга ишқибоз „Ҳаво тоза, мусаффо, зангор…“ ва иккинчи ярмидаги драматик „Талпинма кўп, девона кўнгил…“ – мазмуний мувозанатни яратади, бир вақтнинг ўзида мавзуларнинг ўзаро боғланишини ва бу икки яримнинг қарама-қаршилигини аниқ ажратиб кўрсатади – бу қарама-қаршилик доирасида тўплам охирига яқинлашганда бошида ҳайрат уйғотган нарсаларга нафрат пайдо бўлади. Тўплам тузилишини таҳлил қилганда, Л. Белская унинг (ва унга киритилган „Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам!..“ шеъри) ғарбий сонетлар гулчамбарига ўхшашлигини таъкидлайди, шу билан бирга, Есенин Европа канонига хос қатъий ташкилотга риоя қилишни зарур деб билмайди[14].
Тўпламнинг бош қаҳрамони – Шаҳинанинг прототипи ҳақида узоқ вақт аниқ маълумот йўқ эди ва 1959-йилда „Огонёк“да фелетончи С. Д. Нариняни ҳеч қандай Шаҳина исмли қиз йўқлигини, шеърларидаги исм дастлаб „Чагане“ деб ёзилганлигини, бу эса Есениннинг бокулик дўсти Пётр Чагинга ишора қилганлигини ёзган. Бироқ, 1960-йилларнинг биринчи ярмида В. Г Белоусов Есенин таржимаи ҳолини нашрга тайёрлаганида, Есенин илҳомлантирган аёл – Шагане Талянни топишга муваффақ бўлди ва ўз китобида шоир билан боғлиқ унинг автобиографиясидан парчалар жойлаштирди[8]. Бу фикрни рус адабиёцҳуноси, Сергей Есенин бўйича мутахассис, Н. Шубникова-Гусева[18], ХХ аср рус адабиёти ва танқиди тарихи бўйича мутахассис П. Юшин[19], „Тўлиқ асарлар тўплами“ академик нашрининг тузувчилари[20], С. А. Есенин давлат музей-қўриқхонаси[21], Давлат адабиёт музейининг етакчи илмий ходими П. Фокин[22], шунингдек, шоирларнинг қариндошлари қўллаб-қувватлайди[23].
Маданий таъсири
„Форс тароналари“ туркумининг шеърлари кўплаб тилларга таржима қилинган. Хусусан, туркум форс тилига икки марта таржима қилинган, биринчи таржима Ислом инқилоби вақтида йўқ қилинган[24]. Туркумни бошқа тилларга таржима қилганлар орасида Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов (туркум қаҳрамони „Шагане“ни, Шаҳинам – „менинг шоҳбонум“ ёки „менинг маликам“ деб таржима қилган)[25], Озарбайжон ССР халқ шоири Сулаймон Рустам[2], Қирғизистон Қаҳрамони Сооронбай Жусуев[12], Тожикистон халқ шоири Лоиқ Шералий[26], Доғистон халқ шоири Магомед Ахмедов (ушбу таржимаси учун Сергей Есенин номидаги „О Рус, взмахни крилами…“ (ўзбекча: Оҳ, Рус, қанот қоқ..) халқаро адабиёт мукофотига сазовор бўлган)[27] каби ижодкорлар бор.
„Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам!..“ шеъри турли бастакорлар – Александр Живсов, Александр Ручёв[28][29], Григорий Пономаренко[30], Геннадий Арефев[31] томонидан куйга солинган. Туркумнинг бошқа шеърлари ҳам мусиқий асарларга айлантирилган: „Мен Босфорда бўлмаганман ҳеч…“ (С. Я. Орлянский, 1927, „Персиянка“ (ўзбекча: Форс қизи) номи билан), „Нечун маъюс таратар зиё…“ (В. В. Фризо; 1936; Р. С. Бунин, 1960), „Букун дедим саррофга атай…“, „Мовий ўлкам, қувноқ диёрим…“ (иккаласи ҳам В. М. Юровский, 1946), „Талпинма кўп, девона кўнгил…“ (В. Ф. Веселов, 1966)[28]. 2005-йилда рус бастакори Татяна Смирнова Есенин ва Умар Хайём шеърлари асосида флейта, арфа, виолончел ва чтец учун беш қисмдан иборат „Форс тароналари“ арабескалар туркумини яратди. Бу асарда вокал ўрнига декламатор қўлланилган[32].
„Форс тароналари“ нинг асосий қаҳрамони – Шаҳинанинг ҳайкалтарошликдаги ифодаси В. Т. Семёнов томонидан денгиз тошидан ясалган гемма шаклида яратилган[33].
Манбалар
- ↑ „Цикл «Персидские мотивы»“. Государственный музей-заповедник С. А. Есенина. 2016-йил 4-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2016-йил 26-октябр.
- ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 2,4 Исаханли И. „Персидскиэ мотиви“ Есенина и их переводи на азербайджанский язик (Wайбаcк Мачине сайтида 2024-06-08 санасида архивланган) // „Созвучий жито“, Сборник работ по русской литературе 1910—1930-х годов в чест 70-летия С. И. Субботина. Под редаксиэй П. Е. Поберезкиной, М. В. Скороходова, О. В. Пашко. Институт Мировой Литератури имени А. М. Горкого РАН. – Москва, 2013.
- ↑ 3,00 3,01 3,02 3,03 3,04 3,05 3,06 3,07 3,08 3,09 3,10 3,11 3,12 Юшин П. Ф. „«Персидские мотивы» и лирика 1924-1925 годов в творческой эволюции С. Есенина“, . Сергей Есенин. Поэзия. М.: Издательство Московского университета, 1969.
- ↑ 4,0 4,1 4,2 4,3 4,4 4,5 Белоусов В. Г. „Персидские мотивы. Мечта поэта“. Эсенин.ру. 2016-йил 14-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2016-йил 26-октябр.
- ↑ 5,00 5,01 5,02 5,03 5,04 5,05 5,06 5,07 5,08 5,09 5,10 Белоусов В. Г. „Персидские мотивы. Батумская зима“. Эсенин.ру. 2016-йил 14-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2016-йил 26-октябр.
- ↑ 6,0 6,1 6,2 6,3 Белоусов В. Г. „Персидские мотивы. Снова в столице“. Эсенин.ру. 2016-йил 14-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2016-йил 26-октябр.
- ↑ 7,00 7,01 7,02 7,03 7,04 7,05 7,06 7,07 7,08 7,09 7,10 7,11 Белоусов В. Г. „Персидские мотивы. На земле бакинской“. Эсенин.ру. 2016-йил 14-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2016-йил 26-октябр.
- ↑ 8,0 8,1 Белоусов В. Г. „Шаганэ ты моя, Шаганэ...“, . Сергей Есенин. М.: Знание, 1965.
- ↑ Есенин С. А. „Примечания“, . Полное собрание сочинений в семи томах. М.: Наука, 1996 — 437-бет. ИСБН 9785020112452.
- ↑ Ломан А. П. „Об издании произведений С. А. Есенина (критические заметки)“, . Есенин и русская поэзия. Л.: Наука, 1967 — 366-бет.
- ↑ Крученых А. Е.. Крученых против Есенина, Библиотека авангарда, выпуск ХИИ. Саламандра П.В.В., 2015 — 18—19-бет. (Wайбаcк Мачине сайтида 2016-11-14 санасида архивланган) „Архивированная копия“ (деадлинк). 2016-йил 14-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2016-йил 28-октябр.
- ↑ 12,0 12,1 Койчуев Б. Т. „«Персидские мотивы» С. Есенина на киргизском языке“, . «Персидские мотивы» С. А. Есенина: диалог культур. Учебно-научное пособие. Бишкек: КРСУ, 2011. ИСБН 978–9967–05–798–2.
- ↑ Гунтарева Е. Е. Имена собственные в цикле «Персидские мотивы» С. А. Есенина // Вестник Московского государственного областного университета. — 2016. — № 4. — С. 27—31. — ДОИ:10.18384/2310-7278-2016-4-27-31. Архивировано 11 апрел 2017 года.
- ↑ 14,0 14,1 14,2 Бельская Л. Л. „Тематические вариации и лирические циклы. Сюжетно-композиционное единство «Персидских мотивов» С. Есенина“, . «Стихи мои! Свидетели живые…»: Три века русской поэзии. М.: Флинта: Наука, 2016. ИСБН 978-5-02-038928-1.
- ↑ Шакирова Д. Р. Язык и стиль «Персидских мотивов» Сергея Есенина // Вестник ТГГПУ. — 2007. — № 1. Архивировано 22 апрел 2013 года.
- ↑ Руссова С. Н. „Тип автора-«художника» в советское время (М. Рыльский, Н. Зеров, С. Есенин, А. Тарковский)“, . Автор и лирический текст, Студиа пҳилологиcа. М.: Знак, 2005 — 92—98-бет. ИСБН 5-9551-0078-4.
- ↑ 17,0 17,1 Шарапова Л. В. Ритмическое своеобразие лирики С. Есенина (на примере «Персидских мотивов» и лирики 1924—1925 гг.) // Вопросы русской литературы. — 1976. — Вып. 2. — С. 60—66.
- ↑ Н. И. Шубникова-Гусева. «Шаганэ ты моя, Шаганэ!..». Архивировано 9 апрел 2023 года.
- ↑ Юшин П. Ф.. Сергей Есенин: Идейно-творческая эволюция. М.: Издательство Московского университета, 1969 — 323-бет.
- ↑ С. Есенин. Полное собрание сочинений. Наука—Голос, 1995 — 642—643-бет.
- ↑ Титова У. А. „Поездка С. А. Есенина на Кавказ. Встречи и знакомства“. Государственный музей-заповедник С. А. Есенина. 2023-йил 9-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 9-апрел.
- ↑ Фокин П. Е.. Есенин глазами женщин: антология. СПб.: Амфора, 2006 — 9-бет. (Wайбаcк Мачине сайтида 2023-04-09 санасида архивланган)
- ↑ Сергей Есенин. Воспоминания родных. Сборник. Московский рабочий, 1985 — 143-бет.
- ↑ Хамидреза А.. Русская литература в Иране: цикл «Персидские мотивы» С.А. Есенина (проблема перевода и историко-литературной интерпретации). Автореферат. М.: Московский государственный университет им. М.В. Ломоносова, 2010 — 6—7-бет.
- ↑ Южный С. „Есенин в Узбекистане“. Эсенин.ру (2011-йил 22-июн). 2017-йил 11-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2017-йил 10-апрел.
- ↑ Хамидова Н. Ш.. Некоторые вопросы художественного перевода поэзии в современной таджикской литературе (на примере переводческой деятельности Лоика Шерали и переводов его поэзии на русский язык). Автореферат. Худжанд: Худжандский государственный университет имени Б. Г. Гафурова, 2009.
- ↑ „Народный поэт Дагестана Магомед Ахмедов стал лауреатом Международной премии имени Сергея Есенина“. РИА Дагестан (2015-йил 7-октябр). 2017-йил 11-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2017-йил 10-апрел.
- ↑ 28,0 28,1 Ломан А. П. „Музыкальные произведения на слова и сюжеты С. А. Есенина (материалы к нотографии)“, . Есенин и русская поэзия. Л.: Наука, 1967 — 372—381-бет.
- ↑ „Композиторы, создавшие музыкальные произведения на слова С. А. Есенина“. С-А-Эсенин.ру: Сергей Александрович Есенин. 2017-йил 4-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2017-йил 10-апрел.
- ↑ Рюмин А. „«Отговорила роща золотая»: 120 лет назад родился Сергей Есенин“. ТАСС (2015-йил 3-октябр). 2017-йил 10-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2017-йил 10-апрел.
- ↑ Багдасарова Г. „«Я значенье своё разгадал»: 95 лет со дня приезда С. Есенина в Ташкент отметили в Ахматовском музее“. Культура.уз (2016-йил 17-май). 2017-йил 10-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2017-йил 10-апрел.
- ↑ Синельникова О. В., Анисимова К. В. Стилевые доминанты творчества Татьяны Смирновой // Вестник КемГУКИ. — 2016. — № 36. — С. 137. — ИССН 2078-1768. Архивировано 10 апрел 2017 года.
- ↑ Самоделова Е. „Фигура Есенина в русском фольклоре“, . Антропологическая поэтика С. А. Есенина: Авторский жизнетекст на перекрестье культурных традиций. М.: Языки славянских культур, 2006.