Оғриқ қолдирувчи дорилар
Оғриқ қолдирувчи дорилар — оғриқ сезгисини йўқотувчи ёки камайтирувчи дорилар. Буларга кимёвий тузилиши ва таъсир механизми турлича бўлган дори моддалари моддалари киради. Оғриқ қолдирувчи дорилардан нерв системасига таъсир этиб, оғриқни камайтирувчи моддалар (аналгетиклар) асосий ўринни эгаллайди. Наркотик аналгетиклар ва нонаркотик аналгетиклар фарқ қилинади. Наркотик аналгетикларга морфин ва унинг синтетик ўриндошлари (промедол, фентанил кабилар) киради. Наркотик аналгетиклар турли оғриқлар, жумладан, шикастланиш, куйиш, миокард инфарктида рўй берадиган кучли оғриқларни ҳам қолдиради. Морфин марказий нерв системасига таъсир кўрсатиб, эшитув, қўрқув, тактил сезгисини ўткирлаштиради, ўзига хос галлюсинациялар келтириб чиқаради. Оғриқ билан кечадиган салбий хиссиётлар (ваҳима, ҳаяжонланиш, ғам-ғусса ва бошқалар) ни сусайтириб, хавфсизлик, ўзини енгил ҳис қилиш, бамайлихотирлик туйғусини пайдо қилади. Наркотик аналгетиклар қайта, кўп марта қабул қилинганда одам унга ўрганиб, қўмсайдиган бўлиб қолади ва бу наркоманияга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун наркотик аналгетиклар қатъий назоратда туради ва улар чекланган ҳолда берилади. Наркотик аналгетикларни шифокор рухсатисиз ичиш тақиқланади.
Нонаркотик аналгетикларга кимёвий тузилиши турлича бўлган синтетик моддалар (амидопирин, аналгин, ацетилсалицилат кислота, парацетамол ва бошқалар) киради. Бу хил аналгетикларнинг наркотик аналгетикларга қараганда оғриқ қолдирувчи таъсири кучсизроқ бўлиб, асосан, невралгия тусидаги оғриқларда, миалгия (мускуллар яллиғланиши) да, тиш ва бош оғриғида, артралгияда ишлатилади. Нонаркотик аналгетиклар оғриқ қолдириши билан бир қаторда иситма тушишига ҳам (иситма туширувчи дорилар) ёрдам беради. Кўпчилик нонаркотик аналгетикларнинг яллиғланишга қарши таъсири ҳам бор (яллиғланишга қарши дорилар). Шифокор рухсатисиз бу дориларни қабул қилмаслик лозим.
Аналгетиклар гуруҳига мансуб бўлмаган бир қанча дори моддалар ҳам оғриқ қолдириши мумкин. Масалан, силлиқ мускулларни бўшаштирувчи дорилар — атропин, бангидевона препаратлари, папаверин, ношпалар ва бошқа қон томирлар спазмида ишлатиладиган томир кенгайтирувчи дорилар шулар жумласидандир.
Шифокорга кўриниб оғриқ сабаби ва хусусиятини билгандан сўнг оғриқ қолдирувчи дорилар ичилса, яхши наф беради.
Адабиётлар
ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2006
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |