Тожикистон Автоном Совет Социалистик Республикаси
|
| |||
| Мамлакат |
| ||
|---|---|---|---|
| Тегишли |
| ||
| Таркибида | 8 та вилоят | ||
| Маъмурий маркази | Сталинобод | ||
| Йирик шаҳари | Сталинобод | ||
| Бошқа йирик шаҳарлари | Ўратепа, Кўлоб, Панжакент | ||
| Асос солинган санаси | 1924-йил 14-октябр | ||
| Бекор қилинган санаси | 1929-йил 26-октябр | ||
| Расмий тиллар | Тожикча, ўзбекча, русча | ||
| Аҳоли (1926) | 827 200 киши | ||
| Миллатлар таркиби | Асосан тожиклар ва ўзбеклар, шунингдек Помир халқлари, қирғизлар, руслар ва бошқалар | ||
| Динлар таркиби | Асосан мусулмон (сунний), шунингдек христиан, исмоилийлар, зардуштийлик | ||
| Майдони |
135 600 (1926) 143 100 (1929) км² | ||
| Баландлиги денгиз сатҳидан Баланд чўққиси |
7495 м | ||
| Харитада | |||
|
| |||
Тожикистон Автоном Совет Социалистик Республикаси (тожикча: جمهوريت اجتماعی شوروى مختار تاجيكستان / Çумҳūрижати Сūсиолистижи Şūравижи Мухтори Тоçикстон, русча: Таджикская Автономная Социалистическая Советская Республика) – ЎзССР таркибидаги автоном совет социалистик республика.
Тарихи
1924-йил 14-октябрда Туркистон АССР ва Бухоро ССРни бўлиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг СССР МИҚ иккинчи сессияси Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланишни амалга ошириш ва Туркманистон ССР, Ўзбекистон ССР, ЎзССР таркибида Тожикистон АССР, Қозоғистон АССР, РСФСР таркибида Қорақирғиз ва Қорақалпоқ мухтор вилоятларини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Қуйидаги ҳудудлар Тожикистон АССР таркибига киритилди – Душанбе (Ҳисор), Қоратегин (ёки Ғарм, шу жумладан Дарвоз ва Ванж), Кўлоб, Қўрғонтепа, Панжакент (жумладан, Фалгар бўлиси), Ўратепа (жумладан Матчин бўлиси) ва Сариосиё вилоятлари.
1925-йил 2-январда Тожикистон Автоном Совет Социалистик Республикаси таркибига кирувчи Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти ташкил этилди. Тожикистон АССРнинг умумий ҳудуди 135620 км², аҳолиси 739 503 киши. Шу билан бирга, тожикларнинг кўп қисми Тожикистон АССРдан ташқарида (биринчи навбатда ЎзССРнинг Самарқанд ва Бухоро вилоятларида, шунингдек, Сурхондарё округида) қолди[1].
1926-йил 1 декабрда Душанбе шаҳрида Тожикистон АССР советларининг биринчи қурултойи бўлиб ўтди, унда ер, сув, ер ости бойликлари ва ўрмонларни миллийлаштириш тўғрисидаги декларация, Тожикистон АССРни ташкил этиш тўғрисидаги декларация қабул қилинди, инқилобий қўмита тугатилиб, Тожикистон АССР МИҚ ва Халқ Комиссарлари Совети тузилди.
1929-йил 29-апрелда Тожикистон АССР советларининг ИИ қурултойи республика Конституциясини қабул қилди. 1929-йил 16-октябрда Тожикистон АССР Тожикистон Совет Социалистик Республикасига айлантирилди. 1929-йил 5-декабрда Тожикистон ССР иттифоқ республика сифатида СССР таркибига киритилди[2].
Аҳолиси
СССРнинг 1926-йилги Бутуниттифоқ аҳоли рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Тожикистон АССР аҳолиси 827 минг 200 кишини ташкил қилган. Миллий таркибда тожиклар устунлик қилган – 617 125 киши. Аҳолиси бўйича иккинчи ўринни ўзбеклар эгаллаган – 175 627 киши. Ундан кейин қорақирғизлар (ҳозирги қирғизлар) – 11410 ва руслар – 5600. Республикада оз сонли туркманлар, қозоқлар, татарлар ва украинлар ҳам яшаган[3].
Маъмурий бўлиниши
Тожикистон АССРда Бухоро ХСРдаги каби маъмурий бўлиниш жорий қилинган. У 8 вилоятга, ҳар бир вилоят туманларга (Тожикистон АССРда жами 35 та), Ўзбек ёки Туркистон республикалари бўлисларга бўлинган. Туман кентларга (қишлоқ жамоаларига) бўлинган. Собиқ Самарқанд ва Хўжанд уэздлари бўлислари ўзгаришсиз қолдирилган[4].
Панжакент вилояти

Майдони тахминан 8150 кв. вёрст. Маркази – Панжакент (тахминан 3140 киши (1920)). Олтита туманга бўлинади: Панжакент, Афтобруин, Искандаров, Қиштут, Марғиёна-Фароб, Фалгар.
Ўратепа вилояти
Майдони тахминан 5250 кв. вёрст. Маркази – Ўратепа (тахминан 13000 киши (1923)). Олтита туманга бўлинади: Ўратепа, Ганчин, Босмандин, Шаҳристон, Долён, Матчин.
Душанбе вилояти
Майдони тахминан 10 000 кв. вёрст. Маркази – Душанбе, Тожикистон АССР пойтахти. Вилоят таркибига собиқ Ҳисор ва Балжувон бекликлари кирган. Бешта туманга бўлинади: Душанбе, Ёвон, Янгибозор, Файзобод, Ҳисор.
Сариосиё вилояти
Майдони тахминан 1100 кв. вёрст. Маркази – белгиланмаган (1925-йил ҳолатида). Вилоят таркибига Регар ва Қоратоғ туманлари кирган. Иккита туманга бўлинади: Сариосиё ва Қоратоғ.
Қўрғонтепа вилояти
Майдони тахминан 8300 кв. вёрст. Маркази – Жилликўл қишлоғи. Вилоят таркибига собиқ Қубодиён ва Қўрғонтепа бекликлари кирган. Тўртта туманга бўлинади: Қўрғонтепа, Сарой-Қамар, Қубодиён, Жилликўл.
Ғарм вилояти
Майдони тахминан 26 800 кв. вёрст. Маркази – Ғарм. Вилоят таркибига собиқ Қоратегин ва Дарвоз бекликлари кирган. Олтита туманга бўлинади: Ғарм, Қалъайи лаби об, Обиғарм, Дарвоз, Хода, Ванг.
Кўлоб вилояти
Майдони тахминан 10 600 кв. вёрст. Маркази – Кўлоб. Вилоят таркибига собиқ Балжувон ва Кўлоб бекликлари кирган. Тўртта туманга бўлинади: Кўлоб, Мўминобод, Ховалинг, Балжувон.
Тоғли-Бадахшон вилояти
Майдони тахминан 50 000 кв. вёрст. Маркази – Хоруғ пости. Вилоят таркибига собиқ Рушон, Шуғнон бекликлари ҳамда Ишкашим ва Шарқий Помир туманлари кирган. Олтита туманга бўлинади: Помир, Ваханг, Ишкашим, Шуғнон, Бартанг, Рушон.
Давлат белгилари
Байроғи
Тожикистон Автоном Совет Социалистик Республикаси МИҚ Президиумининг 1929-йил 23-февралдаги қарорига мувофиқ Тожикистон АССР давлат байроғи тасдиқланган. Байроқ қизил рангда бўлиб, унинг юқори чап бурчагида Тожикистон АССР давлат герби тасвирланган.
| Тожикистон АССРнинг 1924—1929-йиллардаги байроғи | Тожикистон АССРнинг 1929-йилдаги байроғи |
Герби
Тожикистон АССР давлат герби олтин доса (тожик ўроғи) ва болғадан иборат бўлиб, тутқичлари пастга қараб кўндаланг қилиб қўйилган ва олтин қуёш нурлари остида жойлашган, тўқ сариқ фонда ўнг томондан буғдой бошоқлари гулчамбари, чап томондан очиқ кўсакли пахта пояси билан ўралган. Пастки қисмида рус тилида: „Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!“ деган ёзув бор. Юқори қисмида тожик тилида араб-форс ёзувлари билан: „پرالتارهای همۀ جهان یک شوید“ („Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!“) деган ёзув бор.
Тожикистон АССР гербининг иккинчи варианти қуйидагича тасвирланган: Тожикистон АССР давлат герби доса (тожик ўроғи) ва олтин рангдаги болғадан иборат бўлиб, у беш қиррали юлдуз ичида жойлашган. Юлдузнинг юқори қисмида кўк рангли осмонда қор билан қопланган тоғлар ортидан олтин қуёшнинг олтин нурлари кўтарилади. Юлдузнинг орқа фонида ўнг томонда буғдой бошоқлари, чап томонда очилган пахта новдаси жойлашган. Буғдой ва пахтанинг пастки қисмда бирлашган жойида қизил лента боғланган. Юлдуз остида рус тилида „Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!“ деган ёзув бор. Юлдуз тепасида тожик тилида араб-форс ёзуви ва лотин графигидаги тожик ёзувида: „Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!“ деган ёзув бор. Гербнинг ички дизайни шохлари юқорига қараган ҳолда ярим ой шаклидаги зарҳал лента билан ўралган. Ушбу лентада учта ёзув бирин-кетин жойлашган: араб-форс ёзувида, лотин графигидаги тожик ёзувида ва рус тилида: „Тожикистон Автоном Совет Социалистик Республикаси“. Бу учта ёзув ҳам ярим ой шаклидаги олтин лентада ярим доира шаклида жойлаштирилган.
| Тожикистон АССРнинг 1924—1929-йиллардаги герби | Тожикистон АССРнинг 1929-йилдаги герби |
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ Саъдиэв Ш. С. История таджикского народа. Краткий курс лексий. – Душанбе, 2012, с. 99
- ↑ „Постановление ЦИК СССР от 5 декабря 1929 г. «О непосредственном вхождении в состав Союза ССР Таджикской союзной республики» // Собрание законов и распоряжений Рабоче-Крестьянского Правительства Союза Советских Социалистических Республик. — № 75. — 21.12.1929. — С. 1414—1415.“. 2021-йил 15-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2020-йил 9-август.
- ↑ „Всесоюзная перепись населения 1926 года“. 2013-йил 3-декабрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2009-йил 16-март.
- ↑ Панков А. В. Положение, границы, состав и административное деление Таджикистана // Таджикистан : Сборник статей под ред. Н. Л. Корженевского. — Ташкент: Общество для изучения Таджикистана и иранских народностей за его пределами, 1925. — С. 6—8.



