Саудия Арабистони, (Саудия Арабистони Қироллиги) Саудия Арабистони Подшоҳлиги (Арабча: л-Мамлака ал-Арабия ас-Саудия) — Осиёнинг жануби-ғарбида жойлашган давлат. БМТ аъзоси бўлган бу мамлакат Арабистон ярим оролининг тахминан 2/3 қисмини ва Қизил денгиз ҳамда Форс қўлтиғидаги қатор қирғоқбўйи оролларни эгаллайди. Майдони — 2,25 миллион км². Аҳолиси — 34 218 169 киши (2019). Булардан 5,3 миллион киши мамлакат фуқароси ҳисобланмайди. Пойтахти — Ар-Риёд шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 14 вилоятга бўлинади. Яқин Шарқ ва дунёдаги ўн иккинчи йирик мамлакат. Ғарбдан Қизил денгиз билан чегарадош; Шимолда Иордания, Ироқ ва Қувайт; шарқда Форс кўрфази, Баҳрайн, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари; Жануби-шарқда Уммон; жанубда Яман. Шимоли-ғарбдаги Ақаба кўрфази Саудия Арабистонини Миср ва Исроилдан ажратиб туради.

Саудия Арабистони Қироллиги
Шиор: لا إله إلا الله، محمد رسول الل
"Лā ʾилāҳа ʾиллā ллāҳ, Муҳаммадун расūлу ллāҳ"
(Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад Унинг расулидир)
(Шаҳодат)
Мадҳия: Ааш Ал Малеэк
Файл:Сауди Арабиан натионал антҳем, перформед бй тҳе Унитед Статес Навй Банд.ога
Location of Saudiya Arabistoni
Пойтахт Ар-Риёд
Расмий тил(лар) Арабча
Ҳукумат Қироллик
Салмон ибн Абдулазиз ас-Сауд
Мустақиллик (Қироллик Бирлашиши)
• Сана
23-сентабр 1932
Майдон
• Бутун
1,960,582 км2 (15-ўрин)
• Сув (%)
0.7
Аҳоли
• 2023-йилги рўйхат
36 947 025 (44-ўрин)
• Зичлик 13/км2
ЙИМ (ХҚТ) 2005-йил рўйхати
• Бутун
АҚШ$340,600 мил. (27-ўрин)
• Жон бошига
АҚШ$12,893
Пул бирлиги Риёл (САР)
Вақт минтақаси УТC+3
• Ёз (ДСТ)
УТC+3
Қисқартма СА
Телефон префикси 966
Интернет домени .са

Давлат тузуми

Саудия Арабистони— мутлақ теократик монархия. Давлат бошлиғи — подшоҳ, айни вақтда бош вазир ва қуролли кучлар олий бош қўмондони ҳамдир. У ҳукумат (Вазирлар Маҳкамаси)ни тузади. 1992-йил 1 мартда подшоҳ фармони билан 4 йиллик муддатга Шўро (Маслаҳат) Кенгаши ташкил этилган. 1997-йилда Шўро Кенгаши аъзоларининг сони 60 кишидан 90 кишига етказилди. Подшоҳ Шўро Кенгашини тарқатиб юбориши ва қайта тузиши мумкин. Подшоҳ вазирларни тайинлаш, ҳукуматни тарқатиб юбориш ва янгидан тузиш ваколатига эга. Ҳукумат, асосан, подшоҳ оила аъзоларидан тузилади.

Сиёсий партия ва касаба уюшмалари фаолияти расман ман этилган.

Табиати

Саудия Арабистони жануби-ғарбда Қизил денгиз, шимоли-шарқда Ҳинд океанининг Форс қўлтиғи билан ўралган. Қирғоқлари кўп жойда паст, қумлоқ, баъзан қинғир-қийшиқ. Саудия Арабистони кўп қисмини (1 миллион км² га яқинини) чўл ташкил қилади. Платосимон текисликлар кенг тарқалган (ғарбга томон 1000–1300 м га, шарққа томон 200–300 м гача пасайиб боради). Ер юзаси қуруқ дарё водийлари билан сезиларсезилмас бўлиниб туради. Мамлакатнинг каттагина қисмини лавали майдонлар, тошлоқ чўллар (ҳомадалар) ташкил қилади. Қумли чўлларнинг энг йириклари — Нефуд, Даҳна. РубъулХолишшх шимолий қисми барханлар (200 м баландликликкача), тизмали дўнг қумликлардан иборат. Зинасимон қир кўп. Ғарбда Қизил денгизга параллел ҳолда бал. 2500–3000 м бўлган Ҳижоз ва Асир тоғлари чўзилиб кетган. Форс қўлтиғининг соҳили бўйлаб айрим жойлари ботқокдик ёки шўрхок қатлам билан қопланган АлХасаъ пасттекислиги жойлашган (кенглиги 150 км гача).

Ғарбда Африка — Арабистон платформаси фундаментининг туртиб чиққан ери — НубияАрабистон қалқони жойлашган бўлиб, у архей — қуйи протерозой даврларига мансуб гнейс ва мигматитлар, шунингдек, юқори протерозойга оид геосинклинал чўкинди комплексларидан (қалинлиги 10 км дан ортиқ) иборат. Юқори ва қуйи протерозой даврига оид интрузиялар кенг ривожланган: шимоли-шарқий йўналишда қалқон жинслари платформа қопламасининг қатламлари остига чўккан, бу жинслар венд ва палеозойдан бошланиб, мезозой ва палеогенни ўз ичига олади. Форс қўлтиғининг ён бағри бўйлаб Месопотамия чекка эгилмасининг неоген даврига мансуб қалин моласслари ривожланган бўлиб, унинг жанубий чеккасида йирик нефт конлари жойлашган. РубъулХоли синеклизаси иккинчи нефт минтақаси ҳисобланади. Қалқоннинг токембрий даври жинслари орасида темир, хром, мис, қўрғошин, пйх, олтин рудалари, нодир ер элементлари, бериллий ва қалай конлари бор.

Иқлими шимолда субтропик, жанубда тропик, қуруқ, кескин континентал. Ёзи жуда иссиқ, қиши илиқ. Ар-Риёдда июлнинг ўртача температураси 33°, январда 14°, энг юқори температура 48°, мамлакатнинг жанубда 54° ва ундан юқори бўлиши мумкин. Соҳилда бу вақтда намлик деярли 100% га етади. Шимолида баъзан температура — 11° гача пасаяди. Ёғин миқдори деярли ҳамма жойда 100 мм дан кам (ёғин марказий ҳудудларда баҳорда, шимолий ҳудудларда қишда, жанубда ёзда нисбатан кўпроқ бўлади), тоғларда йилига 400 мм га етади. РубъулХоли қумли чўл ва бошқа айрим ҳудудларда ўн йиллаб ёғингарчилик бўлмайди. Асир вилоятидаги тоғларда ёғин йилига 25,5 мм ни ташкил этади. Жан.нинг иссиқ самум шамоли баҳор ва ёзнинг бошларида қум бўронларига сабаб бўлади.

Мунтазам оқиб турадиган дарёлар йўқ. Сув уч хил йўл билан: қудуқлар, ёмғир ёки сув тошқини вақтида ҳовузларга йиғиш ва махсус мосламалар ёрдамида денгиз сувини чучуклаштириш оркали олинади. Саудия Арабистонида дунёда энг кўп чучук сув (дунёда олинаётган чучук сувнинг 30%) ишлаб чиқарилади. Ёмғир ва тошқин сувларидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида 186 та дамба ва умумий ҳажми 775 млн.3 бўлган ҳовузлар қурилган. Сизот сувлар эҳтиёжнинг 1/3 қисмини қондиради. Тупроғи оддий чўл тупроғидан иборат, ҳудудининг катта қисмида тупроқ қатлами ўрнини туз қоплами эгаллайди. Шимолида дағал субтропик бўз тупроқ, жанубда шўр тупроқ ва ўтлоқшўрхок тупроқлар мавжуд.

Ўсимликлари

Ўсимлиги, асосан, чўл ва чала чўл ўсимликларидан иборат. Айрим жойларда оқ саксовул, янтоқ, тошлоқ чўлларда лишайниклар, лавали майдонларда шувоқ, астрагал, водий ўзанларида яккатерак, акациялар, шўр ерларда юлғун, сув бўйларида ва шўрроқ жойларда галофитлар ўсади. Кўчиб юрувчи қумли чўлларда деярли ўсимлик ўсмайди. Намгарчилик кўп бўлган йиллари ва баҳор пайтида кўпроқ эфемер ўсимликлар ўсади. Жанубидаги тоғларда саванна кўп. Ўрмон ва яйловлар ҳукумат томонидан муҳофаза қилинади. Ўрмонлар Саудия Арабистонининг жануби-ғарбий қисмида жойлашган ва 2,29 млн. гектар майдонни эгаллайди. Кўчувчи қумлардан сақлаш учун табиий ҳимоя чизиғини шакллантириш мақсадида дарахтлар экилади. Ҳар йили кўчат экиш хафталиги ўтказилади. Ҳайвонлардан бўри, чиябўри, сиртлон, тулки, қулон, кийик, ғизол, даман, қуён, араб йўлбарси, туяқушлар учрайди. Кўпгина кемирувчилар, судралувчилар ва қушлар яшайди. Саудия Арабистони чигирткалар макони ҳисобланади. Қизил денгизда турли хил балиқ, тошбақа ва бошқа денгиз ҳайвонлари учрайди. Денгиз ва қуруқликда ёввойи табиатни муҳофаза қилиш ва ривожлантириш мақсадида Табиатни муҳофаза қилиш ҳамда ривожлантириш миллий қўмитаси томонидан умумий майдони 90 минг км² бўлган 15 қўриқхона ва Асир миллий боғи ташкил этилган.

Аҳолиси

Saudi in niqab
Саудия Арабистони
Camel Races Near Manifa 16 by Tom And Linda Anderson 3721119466
Бадавийлар қароргоҳи, Саудия Арабистони

Аҳолисининг 90% ини араблар ташкил қилади. Ҳиндлар, мисрликлар ва покистонликлар, бир неча юз минг эронлик, филлипинлик, бангладешлик, яманлик, индонез, суданлик, суриялик, иорданиялик ва бошқа ҳам яшайди. Саудия Арабистонида 200—800 минг ўзбек истиқомат қилади, деб ҳисобланади. Йирик қабила бирлашмалари — унайза ва шаммар; қабилалар — ҳарб, мутайр, ҳузайл, кахтан, жуҳайна, муаҳиб, шарарат, манасир, бану асад, тануҳ, қурайш, бану шайбон. Расмий тил — араб тили; инглиз тили ҳам кенг тарқалган. Давлат дини — ислом. Ислом динининг муқаддас зиёратгоҳ шаҳарлари — Макка ва Мадина Саудия Арабистони дадир. Ҳар йили бу шахдрларда 2 млн. дан ортиқ мусулмон хаж ва умра сафарида бўлади. Шаҳар аҳолиси 80,2%. Йирик шаҳарлари — Ар-Риёд, Жидда, Макка, Мадина.

Тарихи

Саудия Арабистони ҳудудида қадимдан (мил. ав. 2 минг йиллик) кўчманчи араб қабилалари яшаб келган. Мил. ВИИ асрда Арабистон ярим оролнинг ғарбий қисми (Ҳижоз)да ислом пайдо бўлиб, пойтахти Мадина шаҳри бўлган илк мусулмон теократик давлати — Араб халифалиги юзага келди. ВИИ—ВИИИ асрларда Саудия Арабистони ҳудудининг кўп қисми Уммавийлар, ВИИИ асрнинг 2-ярми — ИХ асрларда Аббосийлар халифалигига қараган. 10—12-астларда Арабистон ярим оролнинг бир қисмида мустақил амирлик, султонликлар пайдо бўлган. Хижоз Фотимийлар, сўнгра Айюбийлар, ХИИИ асрнинг ўрталари ва ХВИ асрнинг бошларида мамлукларга қарам бўлган. Ҳижознинг иқтисодий ва диний-сиёсий жиҳатдан мавқеи юқорилиги туфайли халифалар бу ерда ўз ҳукмронликларини сақлаб қолишга уринишган. ХВИ аср бошларида Ҳижозни Усмонли турклар ўз тасарруфига олган. ХВИИИ аср га келиб Наждда ваҳҳобийлик диний-сиёсий оқими пайдо бўлди. Нажд ўзининг нисбатан мустақиллиги билан ажралиб турган. Нажд амирликларидан бири Дирия ҳокими Муҳаммад ибн Сауд (Саудийлар сулоласи бошлиғи) 1745-йил Арабистонни ваҳҳобийлик шиори остида бирлаштиришга ҳаракат қилди. ХИХ асрнинг бошларига келиб Арабистоннинг талай қисми Саудийлар давлатига бирлаштирилди. Бу давлат — биринчи Саудийлар давлати (1745—1811) ҳисобланади. 1811 — 18 йилларда Арабистон ярим оролнинг кўп қисми Миср подшоси Муҳаммад Али қўшинлари томонидан эгаллаб олинди ва Саудийлар давлати парчалаб юборилди. 1843-йил Файсал ибн Турки бошчилигида саудийлар маҳаллий қабилалар кўмагида Наждни иккинчи марта эгаллашди. АрРиёд шаҳри пойтахтга айлантирилди. Барпо этилган давлат — саудииларнинг иккинчи давлати ҳисобланади (1843—65). 1840-йилдан сўнг ҳам Ҳижоз турклар қўлида қолаверди. ХИХ асрнинг 2-ярмида ваҳҳобийлар давлати Шаммар ҳукмдори бўлган Рашидийлар томонидан босиб олинди. 1902-йил амир Ибн Сауд Кувайт ҳукмдори Муборак ёрдамида Ар-Риёдни эгаллаб, Рашидийларга зарба берди, кейинчалик Наждда Саудийлар ҳукмронлигини тиклади. Абдулазиз ибн Абдураҳмон (Ибн Сауд) Ол Саудларнинг учинчи давлатига асос солди (1902-йилдан). Мустамлакачилик мақсадларини кўзлаган Буюк Британия 1915-йил декабрда Англия — Саудия битимининг имзоланишига эришди. Битимга мувофиқ, Буюк Британия Нажд мустақиллигини тан олиб, Ибн Саудга субсидия, қурол-яроғ билан ёрдам берадиган бўлди. Бироқ Наждни Туркияга қарши уруштиришга муяссар бўлмади. Айни вақтда (1915) Мисрдаги инглиз комиссари МакМагон билан Макка (Ҳижоз) шарифи Ҳусайн ўртасидаги махфий ёзишмалар натижасида бир битимга келишилиб, унга мувофиқ, Ҳусайн арабларни Туркияга карши отлантиришга ваъда берди. Бунинг эвазига Буюк Британия Ҳусайн бошчилигидаги бўлажак араб давлатининг мустақиллигини тан олмоқчи бўлди. 1916-йил Ҳусайннинг ўғли амир Файсал қўшинлари инглиз разведкачиси Т. Э. Лоуренс раҳбарлигида Туркияга қарши ҳарбий ҳаракат бошлади. 1918-йил Ҳусайн „араблар подшоси“ деган унвонни олди. Лекин Антанта давлатлари уни фақат Ҳижоз подшоси деб тан олишди. Биринчи жаҳон уруши тугагач, Ибн Сауд Арабистонни бирлаштиришни давом эттираверди. 1920-йил у Асирнинг бир қисми устидан ҳукмронлик ўрнатди (Асирнинг ҳаммаси 1930-йил бўйсундирилди). 1921-йил Шаммарни бўйсундирди. Янги давлатнинг кучайишини хоҳламаган Буюк Британия 1922-йил ўзининг гумашталари (шариф Ҳусайннинг ўғиллари) — Ироқ қироли Файсал ва Мовароурдуния (Трансиордания) амири Абдуллоҳни Ибн Сауд давлатига қарши чиқишга ундади. Саудийлар мағлубиятга учрадилар ва бу Ибн Саудни 1922-йил Уқайрада Ироқ билан Кувайт ўртасидаги чегарани белгилаш ҳақидаги шартномани имзолашга мажбур этди.

Натижада чегара, яъни бетараф минтақа барпо этилди. 1924—25 йилларда Ибн Сауд Ҳижозни Наждга қўшиб олди. Биринкетин Тоиф, Макка, Жидда ва Мадина қўлга киритилди. 1926-йил январда у ўзини Ҳижоз подшоси, Нажд ва бошқа қўшиб олинган вилоятларнинг султони деб эълон қилди. 1927-йил Буюк Британия янги Саудийлар давлатини тан олишга мажбур бўлди. 1932-йилдан бошлаб мамлакат Саудия Арабистони Подшоҳлиги деб аталадиган бўлди. 1934-йил Саудия Арабистони ва Яман ўртасида бўлиб ўтган ва Яманнинг мағлубияти билан тугаган уруш натижасида Саудия Арабистони Асир, Жизана ва Нажднинг бир қисмини ўз таркибига киритди.

Иккинчи жаҳон уруши даври (1939—45)да Саудия Арабистони Германия (1941) ва Италия (1942) билан дипломатик алоқани узди, аммо урушда қатнашмади. Уруш охирига келиб Саудия Арабистонида АҚСҲ таъсири кучая бошлади. 1943-йил АҚСҲ Саудия Арабистони билан дипломатик алоқа ўрнатди ва Саудия Арабистони га лендлиз (бирор шарт билан қарз бериш) қонунини жорий этди. АҚШнинг АРАМ КО нефт компанияси 1972-йилга қадар нефт қазиб олиш ишларини бажариб келди. 1962-йил Сауд амалдаги ҳокимиятни амир Файсалга топширишга, 1964-йил 2-ноябрда эса Файсал фойдасига тахтдан воз кечишга мажбур бўдди. Файсал ҳукумати халқ хўжалиги (янги саноат корхоналарини барпо этиш ва ҳоказо), халқ таълими соҳасида бир қанча ислоҳотлар ўтказди. 1960-йилларнинг 2-ярмидан Саудия Арабистони ташқи сиёсати 2 хил йўналишда бўлди. Бир томондан мусулмон давлатлари ташкилоти — Ислом пактини тузиб (1966), коммунизмга қарши ҳаракатни қўллаб-қувватлаган бўлса, иккинчи томондан Исроил агрессиясига дучор бўлган араб мамлакатлари (Миср, Сурия ва Иордания)га молиявий ёрдам бера бошлади. 1973-йилги Яқин Шаркдаги ҳарбий танглик пайтида Саудия Арабистони ўз қўшинлари билан араб мамлакатлари томонида туриб урушда қатнашди ва Миср ҳамда Сурияга қайтариб олмаслик шарти билан молиявий ёрдам берди; Исроилни қувватлаётган мамлакатлар — АҚСҲ, Голландияга нефт сотишни вақтинча тўхтатиб қўйди. 1974-йил октабр ойида Работда бўлиб ўтган араб мамлакатлари раҳбарларининг конференсиясида Саудия Арабистони Фаластин Озодлик ташкилотини тан олди. 1975-йил 25 мартда подшоҳ. Файсал ўлдирилгач, унинг ўрнига Холид ибн Абдулазиз подшоҳ бўлди. 1982-йил июнда Подшоҳ Холид бин Абдулазиз вафотидан кейин унинг ўрнига Фахд бин Абдулазиз тахтга ўтирди. Саудия Арабистони — 1945-йилдан БМТ аъзоси. Ўзбекистон Республикаси билан дипломатия муносабатларини 1992-йил февралда ўрнатган. Миллий байрами — 23-сентабр — Подшоҳлик эълон қилинган кун (1932).

Хўжалиги

Иқтисодиётининг асоси — нефт ва газ саноати. Иккинчи жаҳон урушига қадар Саудия Арабистони хўжалигида чорвачилик устун бўлган. Урушдан кейин нефт қазиб олиш ва экспорт қилиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Нефт ва нефт маҳсулотларидан келадиган даромад 5 йиллик режалар доирасида саноатни ривожлантиришга катта маблағ ажратиш имконини берди. Ялпи ички маҳсулотда саноат улуши 53%, қишлоқ хўжалиги улуши 6%, хизмат кўрсатиш тармоғи улуши 41% ни ташкил этади. Саудия Арабистони ялпи хджмининг 35% хусусий секторга тўғри келади.

Саноати

Саудия Арабистони нефт захиралари бўйича дунёда 1-ўринда (35,8 млрд. тонна), нефт қазиб чиқариш бўйича 2ўринда (АҚШдан кейин) туради. Нефтнинг 95% „Сауди АРАМ КО“ миллий компанияси томонидан қазиб чиқарилади. Саудия Арабистонида кунига 7,5 млн. баррел (2002-йил 308 млн. тонна) нефт қазиб олинади. Газ захиралари бўйича дунёда 4-ўринни эгалласада, уни қазиб олиш бўйича Яқин Шарқда 1-ўринда туради. 1960-йилларнинг охиридан нефт кимёси саноати кенг ривожланди. Металлургия (Жидда), қоғоз (Даммом), озиқ-овқат (Маккадаги ёгъ заводи, кондитер фабрикаси, АрРиёддаги сабзавот консервалари ва Жиддадаги мева шарбати ишлаб чиқарадиган фабрика ҳамда Ҳуфуф ва Мадинадаги хурмони қайта ишлаш фабрикаси), тўқимачилик, қурилиш материаллари саноати ҳам ривожланган. Жидда, Даммом ва АрРиёдда семент заводлари, Даҳронда ойнашиша заводи бор. Бу корхоналарнинг кўпчилиги тўлиқ ёки қисман (70%ча) „Сабик“ давлат консернига карашли ва у томонидан назорат қилинади. Йилига ўртача 66,8 млрд. кВт•соат электр энергияси ҳосил қилинади. Саудия Арабистонида ҳунармандчилик, шу жумладан, заргарлик корхоналари салмоқли ўрин эгаллайди.

Қишлоқ хўжалиги бундан чорак аср муқаддам иқтисодиётнинг энг қолоқ тармоғи ҳисобланган. 1990-йиллардан у жуда тез суръатлар билан ривожланди ва даромадли тармоқлардан бирига айланди. Экин экиладиган умумий майдон 1990-йилларнингохирида 1,8 млн. гектарга етди. Асосий қишлоқ хўжалиги экини — ғалла, шоли. Хурмо, кофе, узум, мандарин, банан, сабзавот ва мевали ўсимликлар ҳам ўстирилади. Кўчманчи чорвачилик ривожланган: туя, қўй, эчки, қорамол, шунингдек, товуқ боқилади. Балиқ овлаш билан шуғулланилади. Йилига ўртача 698 минг т сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Мамлакат ўз аҳолисини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлайди. Денгиздан марварид ва маржон олинади. Ҳар йили Макка ва Мадинага келувчи 2 млн.дан ортиқ зиёратчига хизмат кўрсатилади.

Темир йўллар уз. 1400 км ни ташкил этади. Энг йирик темир йўл йўналишлари Даммом— Даҳрон—Ар-Риёд (562 км), Ҳуфуф—АрРиёд (322 км). Автомобил йўллари узунлиги 159 минг км, ундан 100 минг км асфалтланган; нефт қувури уз. — 3,7 минг км. Саудия Арабистони Яқин Шарқда энг кучли денгиз флотига эга. Мамлакатдаги асосий денгиз портлари: Жидда, Янбо, Жизон, РасТаннура, Даммом, Жубайл, Даба ва бошқа Мамлакатдаги 25 аэропортдан 3 таси халқаро аэропортдир. Ҳаво алоқаси „СаудиАрабиен эрлайнс“ авиакомпанияси орқали амалга оширилади. Халқаро аэропортлари Даҳрон, Жидда ва АрРиёдда.

Саудия Арабистони четга, асосан, нефт ва нефт маҳсулотлари, буғдой, хурмо чиқаради. Четдан машина жиҳозлари, автомобил, истеъмол моллари, транспорт воситалари, металл, тўқимачилик буюмлари, қурол-яроғ олади. Асосан, Япония, АҚСҲ, Буюк Британия, Корея Республикаси, Сингапур, Франсия, Германия билан савдо қилади. Пул бирлиги — Саудия Арабистони риёли.

Тиббий хизмати

Сўнгги 30 йил ичида мамлакатда касалликларни даволаш ва олдини олишга қаратилган кенг қўламли инвестиция дастурларини амалга ошириш туфайли ижобий ўзгаришлар рўй берди. Илгари аҳоли орасида кўп учрайдиган сил, безгак, тери ва трахома касалликлари деярли барҳам топди. Мамлакатга ҳар йили келадиган зиёратчиларга юқори савияда тиббий хизмат кўрсатилади. Бунинг учун Маккада 7 касалхона, 40 тиббий марказ, Минода 4 касалхона ва 24 тиббий марказ, Арофатда 3 касалхона ва 43 тиббий марказ, Муздалифада 6 тиббий марказ, Мадинада 8 касалхона ва 48 тиббий марказ мавжуд. Саудия Арабистонида 42625 ўринли 290 касалхона бор. Тиббий марказ ва диспансерлар сони 4000 дан ошади. 2000-йил 30 544 врач, 61 214 ҳамшира ва 31977 техник ассистент ишлади. Врачларнинг 17% Саудия Арабистони фуқаролари, қолганлари мисрлик, покистонлик, малайзиялик ва бошқа мутахассислардир. Энг чекка вилоятлардаги беморларни марказий ихтисослашган касалхоналарга тезкорлик билан келтириш мақсадида 22 самолётдан иборат ҳаво амбулаторияси мавжуд. Саудия Арабистони Қизил Ярим Ой жамиятининг 154 маркази ва 500 Кучма амбулаторияси, 27000 хизматчиси ҳам аҳолига фавқулодда ёрдам кўрсатади. Мамлакат ва чет эл фуқаролари учун тиббий хизмат бепул.

Маорифи ва маданий-маърифий муассасалари

1926-йил бошланғич мажбурий таълим ва дунёвий мактаблар очиш, 1960-йил қизларни мажбурий таълимга жалб этиш қақида қонунлар қабул қилинган. Таълим тизими давлат қарамоғида бўлиб, мамлакат фуқаролари ва чет элликлар учун ҳам бепул. Мактабга 6 ёшдан қабул қилинади. Бошланғич мактаб 6 йиллик, ўрта мактаб 2 босқичли бўлиб, тўлиқсиз ўрта (3 йил) ва тўлиқ ўрта (3 йил) мактабдан иборат. Бошланғич мактаб негизида ҳунар-техника мактаблари (4 йиллик), тўлиқсиз ўрта мактаб негизида ҳунар-техника билим юртлари (2 йиллик) ишлайди. Мактабларда ўғил болалар ва қизлар алоҳида-алоҳида ўқитилади. Саудия Арабистонида ўғил болалар учун 11191 ва қиз болалар учун 11441 мактаб бўлиб, уларда4,15 млн. бола ўқийди, 292 минг ўқитувчи ишлайди. Ҳар бир ўқитувчига 15 ўқувчи тўғри келади. Бу — дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан ҳисобланади. Бундан ташқари, мамлакатда хусусий таълим муассасалари ҳам мавжуд. Мамлакатда бир қанча олий ўқув юртлари бор. Энг йириклари: Ар-Риёддаги подшоҳ Сауд университети (1957), Жиддадаги Абдул Азиз университети (1967), Мадинадаги Ислом тадқиқотлари университети (1961), Ар-Риёддаги Имом Муҳаммад ибн Сауд ислом университети (1974), Шарқий вшгоятдаги подшоҳ Файсал университети (1974), Маккадаги Умм алКура университети (1981), Даҳрондаги подшоҳ Фахд номидаги нефт ва минераллар университети (1963), Ар-Риёддаги Олий технология институти ва Техника институти. Олий таълим берадиган университет, институт ва коллежларда 297 830 талаба таълим олади.

Йирик кутубхоналари: Миллий кутубхона (1968), Сауд кутубхонаси, АрРиёд университети кутубхонаси, Маҳмудия кутубхонаси, Ориф Ҳикмат кутубхонаси, Мадина университети кутубхонаси. Саудия Арабистонида 153 маданий марказ, маданият ва санъат жамияти, адабиёт клублари фаолият кўрсатади. 12 та музей бор. Уларнинг энг йириклари: АрРиёддаги археология ва халқ мероси миллий музейи, АлМасмак калъаси музейи, Даммомдаги Минтақавий музей ва бошқа

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Саудия Арабистонида 100 дан ортиқ кундалик газета ва журнал нашр этилади. Йириклари араб тилида: „АлБилад“ („Мамлакат“, кундалик газета, 1934-йилдан), „АнНадва“ („Клуб“, кундалик газета, 1958-йилдан), „АлМадинаАлМунаввара“ (кундалик газета, 1937-йилдан), „АрРиёд“ (кундалик газета, 1964-йилдан), „АлЖазира“ („Орол“, кундалик газ.), „АшШарқалАусат“ („Яқин Шарқ“, газета, 1978-йилдан); инглиз тилида: „Араб Нюс“ („Араб янгиликлари“, кундалик газета, 1975-йилдан). Энг йирик ва нуфузли нашриёт „АлЯмама“ ҳисобланади. Радиоэшиттириш 1948-йилдан бошланган, 23 давлат радиостяси мавжуд. Эшиттиришлар 4 канал оркали араб ва инглиз тилларида, чет элларга франсуз, турк, урду, бенгал, форс, ўзбек, суахили ва индонез тилларида узатилади. Саудия Арабистонида миллий телекўрсатув фаолияти 1965-йилдан бошланган.

Макка (1967), Мадина (1967), Даммом (1969)да йирик телевизион марказлар мавжуд. Телеэшиттиришлар 2 канал орқали олиб борилади. Сунъий йўлдош орқали телекўрсатувлар асосий ахборот манбаидир. 70% телетомошабинлар ундан фойдаланади.

Masjid Abu Bakar Ash-Shiddiq
Абу Бакр Сиддиқ масжиди
Quba Mosque (2024)
Мадинага ташрифим чоғида Қуба масжиди, 2024-йил 27-декабр
Kaaba Masjid Haraam Makkah
Макка шаҳридаги Каъба

Адабиёти

Ҳозирги Саудия Арабистони ҳудудидаги қад. ва ўрта аср адабиёти араб маданияти ўзанида ривожланди. Ҳижозда 5— ВИИ асрларда бадавийлар шеърияти (ИмруулҚайС) ривожланди, ВИИ асрнинг 1-ярмида эса „Қуръон“ хатга туширилди. Бадавийлар шеърияти намуналари ва „Қуръон“ мумтоз араб тилини намоён этувчи буюк манба ҳисобланади. Араб халифалиги ташкил топиши, ВИИ асрнинг 20 йилларида адабий ҳаёт марказларининг ўзгариб туриши (Дамашқ, Бағдод, Коҳира ва бошқалар) Саудия Арабистонида адабиёт ривожини бирмунча сустлаштирди. Ваҳҳобийлар мафкураси ва консерватив жамият тузилиши янги адабиёт ривожини узоқ вақтгача тўхтатиб қўйди. Қўшни араб мамлакатларининг таъсирида ХХ асрнинг 20 йилларидан бир қанча шоир, журналист, ёзувчилар етишиб чиқди. Уларнинг асарларида маърифатпарварлик, романтик ва реалистик йўналишлар уйғунлашган эди. Муҳаммад Сурур асСаббон ва Муҳаммад Ҳасан Аввад романтик йўналиш асосчилари ҳисобланади. Ҳусайн Сирхан, Муҳаммад Ҳасан Фики, Муҳаммад алАмир арРумейха каби шоирлар мазкур йўналишда ижод қилган шоирлардир. Меҳнаткаш халқ ҳаётини, жамиятдаги ижтимоий адолацизликларни фош этиш Аҳмад Абд алҒафур Аттор ижодида муҳим ўрин тутади. Иккинчи жаҳон уруши (1939—45) дан кейинги давр насрида Амин Салом Румайҳа, Абдулла Мунаа, Юсуф бин ашШайх Яъқуб ҳикоялари, Ҳасан Носиф, Абд асСалом Ҳошим Ҳофиз қиссалари реалистик йўналишга эга. Реалист ёзувчилар асарларида сентиментализм руҳи кучли. 1957-йил Абд асСалом Ҳошим Ҳофизнинг хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя этишга бағишланган „Ҳижозлик Самро“ номли биринчи романи нашр этилди. 50 йиллардаги публицистика ва адабий танқидда Муҳаммад Ҳасан Аввад, Абдулла бин Халис, Саод алБоваридий, Абдулла Абд алЖаббор ва бошқа ижоди муҳим аҳамиятга эгадир.

Ҳикоя жанри яқинда пайдо бўлган бўлса ҳам, Саудия Арабистони адабиётида етакчи ўринни эгаллайди. Аҳмад асСибои, Ҳамид Даманқури ҳикоя жанрининг асосчилари ҳисобланади. Аҳмад АсСибоининг „Эгизаклар“ асари бу жанрда яратилган биринчи асардир. Новелла жанри ҳам янги жанрлардан ҳисобланади. Ҳусайн Али Ҳусайн, Муҳаммад Улван, Али Хасуна, Сибои Усмон, Муҳаммад алМансура ашШакха мазкур жанрда самарали ижод қилмоқдалар. 80 йиллардаги публицистика ва адабий танқидда Аҳмад Абд алҒафур ал Аттар, Муҳаммад Абдо Яманини алоҳида кўрсатиш мумкин.

1980-йилдан подшоҳ фармони билан адабиёт бўйича давлат мукофоти таъсис этилган.

Меъморлиги ва тасвирий санъати

Одам юзи тасвирланган тош ҳайкалчалар, ҳайвонлар тасвирланган тош релефлар Саудия Арабистони ҳудудидаги қад. ёдгорликлардан ҳисобланади (мил. ав. ВИИ—ИИ асрлар). Макка ва Мадинада ўрта аср араб меъморлиги ёдгорликлари (масжид, Мадраса, миноралар) сақланган. Ҳижоз шимолда мил. ав. 2 ва мил. И асрларга оид набатияликлар шаҳри вайроналари ва қабрлар топилган. Аҳоли турмуш даражасининг юксалиб бориши билан анъанавий лой ва хом ғиштлар ўрнига замонавий қурилиш материалларидан маҳаллий иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда вилла ва кўшклар қурилди. Кўчманчиларнинг турар жойлари эса эчки териси билан ёпилган чайлалардан иборат. Йирик шаҳарлар (Макка, Ар-Риёд, Мадина, Жидда)да жаҳон андозаларига мос даражада кўп қаватли уйлар, меҳмонхона, стадион, аэропортлар мавжуд. Замонавий қурилишларда араб миллий меъморлиги анъаналари ўз аксини топган. Йирик иншоотларнинг девори кўпи мармар билан қопланган.

Киноси

Саудия Арабистонида ҳаёт тарзи ислом дини арқонлари асосида қурилгани сабабли кинотеатр ва театрлар йўқ. Шунга мувофиқ, кинематография санъати ривожланмаган. Асосан, спорт ва ижтимоий характерга эга филмлар яратилади. Оммавий тарзда кинофилм ва спектакллар намойиш этилмайди.

Ўзбекистон — Саудия Арабистони муносабатлари

Галерея

Saudi Arabia King Salman Sits With Secretary Kerry Before Bilateral Meeting at King Khalid Military City
АҚСҲ Давлат котиби Жон Керри Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон билан 2016-йил 11-март куни Саудия Арабистонининг Ҳафр ал-Батин шаҳри ташқарисидаги Қирол Холид ҳарбий шаҳрида икки томонлама учрашувдан олдин учрашмоқда. Давлат департаменти фото/Жамоат мулки
Masjid Nabawi The Prophet's Mosque, Madina
Мадина, Арабистондаги Масжид ан-Набавий. Масжиднинг жанубдан кўриниши, ўнгда Боб ал-Боқий минораси ва Яшил гумбаз (олдинги кўриниш) ва чапда Боб ас-Салам минораси (олдинги кўриниш)
Masjid al-Qiblatain
Масжид ал-Қиблатайн (Икки қибла масжиди) — Мадинадаги масжид
Dar al-Madinah Museum
Дар ал-Мадина ал-Мунаwwараҳ музейи учун пендгалан арчитеcтуре дан кебудаяан
Golden crescent on the dome of the Madina Mosque - geograph.org.uk - 3711689
Мадина масжиди гумбазидаги олтин ярим ой

Манбалар