Палеозой эратемаси
Палеозой эратемаси (ЭРАСИ), палеозой (палео... ва юн. зоэ—ҳаёт) — Ер геологик тарихининг 3-эраси (қаранг Геохронология). Радиологик текширишларга кўра, Палеозой эратемаси 560—570 млн. йил аввал бошланиб, 310—320 миллион йил давом этган. 1837-йил инглиз геологи А. Сежвик ажратган. Ҳозир Палеозой эратемаси кембрий, ордовик, силур, девон, тошкўмир ва перм даврларига бўлинган.
Юқори токембрий давридан бир оз олдин кучли бурмаланиш натижасида платформа (Шарқий Европа, Сибир, Хитой-Корея, Жанубий Хитой, Шимолий Америка, Бразилия, Африка, Ҳиндистон платформалари) ва геосинклиналлар шаклланган. Вақти-вақти билан платформаларни сув босиб, саёз денгизлар пайдо бўлган. Денгиз остида унча қалин бўлмаган турли таркибли чўкиндилар тўпланган. Платформаларнинг чеккалари томон чўкиндиларнинг қалинлиги ортиб борган. Геосинклиналлар платформаларга нисбатан серҳаракат бўлган. Уларда кўп миқдорда вулқан ва кремнийли жинслар тўпланган. Палеозой эратемасида каледон ва герсин бурмаланиши бўлиб ўтган. Шу даврда тоғлар пайдо бўлиб, кўпгина қизғиш моласслар ҳосил бўлган. Герсин бурмаланиши натижасида Марказий Европа, Урал, Аппалачи ва бошқа тоғ системалари қад. кўтарган. Буюк Гондвана қуруқлиги Жанубий ярим шар платформаларини эгаллаган. Шимолий ярим шарда Палеозой эратемасининг 2-ярмида Сибир платформаси ва унга ёндош тоғ тизмаларини ўз ичига олган улкан Ангарида бўлган.
Палеозой эратемаси бошланишида илгари яшамаган қаттиқ скелетли ҳайвонлар (хиолитлар, хиолителминтлар, гастроподалар, брахиоподалар ва археоциатлар) пайдо бўлган. Қуйи палеозойда трилобитлар кембрий ва ордовик даври денгиз ҳайвонларининг кўпчилигини ташкил қилган. Улар Палеозой эратемаси охирида қирилиб кетган. Бу даврда елкаоёклилар (брахиоподалар)нинг турлари кўпайган. Ордовик даврига келиб мшанкалар ҳамда стромато-пороидалар пайдо бўлган. Умуртқасиз ҳайвонлардан граптолитлар ва бошоёқлилар кўп яшаган. Девон даврида гониатитлар кенг тарқалган. Юқори Палеозой эратемасида бир ҳужайрали ҳайвонлардан фораминифералар кўпайган. Палеозой эратемасида умуртқалилардан баликлар яшаган; кембрий ва ордовик даврида оддий ва жағсиз баликлар куп бўлган. Силур, айниқса, девон даврида икки ёклама нафас олувчи ва чўткақанотлилар жуда ривож топган. Чўткақанотлилар сувда ва қуруқликда яшовчи (амфибия)лар вужудга келган (улар девон даври охирларида қуруқликка чиққан). Карбон, айниқса, перм даврида ўтхўр ва йиртқич судралиб юрувчилар яшаган.
Палеозой эратемасида ўсимликлар тез ривожланган. Кембрий ва ордовикда ўсимликлар, асосан, сувўтлардан иборат бўлган. Силур жинсларида спора қолдиқлари сақланган. Қуйи девон даври жинсларида паст бўйли ибтидоий ўсимликлар — псилофитларнинг излари учрайди. Ўрта ва юқори девонда ўсимликларнинг турлари кўпайган, дарахцимон плаунлар, содда тузилган папоротниклар ўсган ва дастлабки очиқ уруғлилар вужудга келган. Карбон даврида ўсимликлар жуда ҳам ривожланган. Ўрмонлар ўрнида тошкўмир қатламлари ҳосил бўлган.
Евросиёда Палеозой эратемасига мансуб платформа ва геосинклинал ётқизиқлари кўп учрайди. Шарқий Европа ва Сибир платформалари, асосан, Палеозой эратемаси чўкинди жинслари комплексидан иборат. Шарқий Европа платформасининг шимоли-ғарбий қисмида кембрий даври денгиз гиллари ва қумтошлари, ордовик ва силур оҳактошлари тарқалган. Девон ва карбон даврида денгизда ҳосил бўлган жинслар орасида айниқса оҳактошлар жуда кўп. Бу жинсларда кумир, нефт, боксит ва ўтга чидамли гил қатламлари бор. Сибир платформаси Палеозой эратемаси жинслари орасида кембрий даври денгиз чўкинди жинслари — оҳактош, доломит, айрим жойларда тоштуз, гипс ва ангидрит кўп. Карбонацланец ва қум-тошли гил қатламларидан таркиб топган силур ва девон даври ётқизиқлари кам учрайди. Карбон ва перм даври жинслари кўмирли қалин қатламлардан иборат.
Ўзбекистоннинг деярли ҳамма ерларида Палеозой эратемаси жинслари учрайди. Қуйи кембрий жинслари 20–50 м қалинликдаги ванадийли, фосфоритли, кремнийли ва кўмир-кремнийли сланецлардан таркиб топган. Бу жинслар Писком ва Сандалаш тоғларида тарқалган. Томдитов тоғларида қуйи кембрий жинслари алевролит, қумтош, доломит ва оҳактош қатламларидан иборат. Ўрта кембрий, ордовик ва қуйи силур даври оҳактош, доломит, терриген-вулкан, аргиллит, алевролит, сланец, қумтош ва руда катламларидан тузилган. Юқори силурқуйи девон даври терригенли оҳактош ва оҳактошлардан, қизғиш вулкан жинслардан таркиб топган. Ўрта девон ва қуйи триас даврида шағалтош, қумтош, алевролит, аргиллит, оҳақтош, доломит ва вулкан жинсларининг калин катламлари ҳосил бўлган.
Палеозой эратемаси жинсларида турли фойдали казилмалар топилган. Урал, Қозоғистон, Олтой, Ғарбий Европа ва Шимолий Америкадаги бой руда конлари Палеозой эратемасининг интрузив жинслари билан боғлиқ.
Палеозой эратемаси чўкинди жинсларида нефт, тошкўмир, ёнувчи сланец ва мисли қумтош, шунингдек, фосфорит, боксит, тоштуз, калий тузи тўпланган.
Ўзбекистон Палеозой эратемаси ётқизикларида мис, қўрғошин, қалай (Олмалиқ), флюорит (Новгарзон), волфрам (Ингичка), олтин, алунит ва бошқа бор. Палеозой эратемаси тоғ жинсларининг кўпи қурилиш материали сифатида ишлатилади.
Адабиёт
- Страхов Н. М., Основи исторической геологии, ч. 1—2, М,—Л., 1948; Ах-меджанов М.А. и др., Геологическое строение и состав палеозойского фундамента Узбекистана, т. 1, Т., 1967.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола чала. Сиз уни бойитиб, Зиёсферага ёрдам беришингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |