Карбункул
| Карбункул | |
|---|---|
|
| |
| Классификацияси ва ташқи линклар | |
| МедлинеПлус | 000825 |
| МеСҲ | Д002270 |
Карбункул (лотинча: cарбунcулус — "кўмир"; эски рус. номи - ўт ўчирувчи, кўмир ёқувчи) — Ёнма-ён жойлашган бир неча соч халтачалари ва ёғ безлари ўткир йирингли яллиғланиб, умумий инфилтрат ва тери ҳамда тери ости клечаткасида некроз пайдо бўлганда cарбункул («cарбунcулус») дейилади[1].
Этиологияси ва патогенези
Касалликнинг қўзғатувчиси кўпроқ тилларанг стафилококкдир, кўпинча стафило ва стрептококк инфексияси бирбирига аралашиб кетади. Касалликнинг келиб чиқишига қуйидагилар сабаб бўлади: организмнинг умумий заифланиши, гиповитаминозлар, моддалар алмашинуви ва касалликлари (қанд касаллиги, семириб ёки озиб-тўзиб кетиш). Одатда, карбункул билан катта ёшдаги кишилар касалланади. Карбункул кўпроқ бўйиннинг орқа юзасида, энсада, орқада, белда, устки ёки пастки лабда пайдо бўлади.
Патологоанатомик манзараси
Тери ва тери ости клетчаткасида бир нечта соч халтачаларни ҳамда ёғ безларини ўраб олган инфилтрат пайдо бўлади. Қон айланишининг бузилиши юз беради, тўқима кенг кўламда некрозга учрайди ва бу чипқондан фарқ қилиб, барча тери ости тўқималарини қамраб олади. Некроз зонасида йиринг пайдо бўлиб, бир нечта соч халтачалари тешиги орқали ташқарига ажралиб чиқади. Кейин некрозга учраган тўқималар бир-бири билан бирикиб, катта вулқон оғзига ўхшаш ёриқ ҳосил қилади, бу ёриқ аста-секин грануляцион тўқима билан тўлиб боради.
Клиник манзараси
Карбункул ҳароратнинг сезиларли даражада кўтарилиши ва қаттиқ оғриқ билан бошланади. Қизариб шишиб чиққан жой тез катталашиб боради (бошланишида бир нечта инфилтратлар бўлиши мумкин, лекин улар тезда бир-бирига қўшилиб кетади). Тери кўкимтир-қизил рангга киради, яллиғланган жой атрофида шиш ривожланиб, теридан бўртиб чиқади. Инфилтрат устидаги тери, кўпроқ жадаллик билан қизарган марказидаги тери (бу ердаги ранг аста-секин оқариб боради, тери юпқалашиб ёрилади) тушиб кетади. Бир нечта туйнукчалар пайдо бўлиб, улардан йиринг ажралиб чиқа бошлайди. Айрим туйнукчалар бир-бирига қўшилиб кетади, яллиғланиш жараёни чуқурлашиб, муайян мушак устидаги пардагача етиб боради. Жараён кўплаб йиринг оқиши ва некротик тўқималарнинг тушиб кетиши билан кечади. Карбункулга интоксикациянинг умумий белгилари хосдир: ҳарорат баъзан 40 °C даражага кўтарилади ва у эт увишиши, беҳузур бўлиш, қайт қилиш, бошнинг қаттиқ оғриши, уйқусизлик ва беҳушланиш билан кечади. Карбункул одамнинг юзида, айниқса, юқори лабида бўлса хатарлидир. Йиринг чиқиб, некротик тўқималар тушиб кетгач, беморнинг умумий аҳволи сезиларли равишда яхшиланади.
Асоратлари
Ўта хавфли асоратлардан тромбофлебит ва лимфангитни, тромбоз, сепсис ва йирингли менингитни кўрсатиб ўтиш жоиздир.
Дифференсиал диагнози
Карбункулни чипқондан, куйдирги карбункулдан, яра қилиб юборадиган хавфли ўсмадан фарқлаш лозим.
Давоси
Бемор жарроҳлик бўлимига албатта ётқизилиши керак. Дастлабки босқичда новокаин-ампициллин эритмали инфилтратив блокадаларни ёки пенициллин билан электрофорезни қўллаш мумкин. Шунингдек, қисқа тўлқинли терапия ҳам наф келтириши мумкин. Ётиб даволаниш, иммобилизация, оғриқсизлантириш ва интибиотикларни сулфаниламидлар билан бирга кушиб, мушакларга ва венага юбориш буюрилади. Карбункул одамнинг юзида бўлган ҳолларда қаттиқ-қуруқ овқат билан чекланилади, кўп гаплашиш ман этилади. Чипқондан фарқли оиароқ карбункулда кўпинча жарроҳлик йўли билан даволаш қўл келади, айниқса бу даво 2-3 кеча-кундуз давомида дори-дармонлар билан даволаш етарлича наф бермаганда ва беморнинг
аҳволи олдинги оғирлигича қолган ҳолларда ўринли бўлади. Умумий оғриқсизлантириш билан карбункулдан то мушак устидаги пардасигача гир айлантириб ёки хочсимон қилиб яра кесилади. Некротик тери ва юмшоқ тўқималарнинг ҳаммаси то соғлом жойгача қирқиб олинади. Гипертоник эритма, фурациллин билан йирингдан тозалангач демексид+фурациллин эритмаси, левомикол малҳами суртилган тампонлар ҳар 2 кеча-кундузда алмаштириб турилиши лозим. Протеологик ферментлардан фойдаланилади. Некротик тўқималар, шунингдек, 25 фоиз салицил кислота кристаллари таъсири остида ҳам яхшигина тушиб кетади. Диабет билан оғриган беморларга нисбатан бу даврда жадал инсулин билан даволаш қўлланади. Касаллик
мақбул тарзда кечса, яра бир ой мобайнида битиб кетади[2].